Маданий мерос агентлиги 9 декабрь куни ижтимоий тармоқлардаги «Миздакхон комплекси» ҳудудида жойлашган Халифа Ражаб (Эрежеп) мақбараси тарихий ёдгорлиги ҳудудида янги қабрлар учун ерлар сотилаётгани ҳақидаги хабар юзасидан «Bugun.uz»га маълумот берди.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Унга кўра, 2021 йилнинг октябрь ойида Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг Қорақалпоғистон Маданий мерос бошқармаси томонидан «Миздакхон комплекси» тарихий обидалар ҳудудида ўрганиш ишлари олиб борилган.

Ўрганиш натижаларида «Миздакхон комплекси»дан қабристон сифатида фойдаланиб келинаётгани аниқланган. Ушбу ҳолатнинг олдини олиш ва тўхтатиш мақсадида Хўжайли туман ҳокимлигига хат билан мурожаат қилинган. Туман ҳокимлиги томонидан ушбу маданий мерос объектига янги қабрлар қурилишининг олдини олиш мақсадида ободонлаштириш бошқармасига «Миздакхон комплекси» тарихий обидалари ҳудудида қабрларнинг жойлаштирилишини назоратга олиш вазифаси юкланган.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Аммо ҳозирги вақтда туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан ушбу маданий мерос объекти атрофида янги қабрларнинг жойлаштирилиши тўхтатилиши тўлиқ назоратга олинмаган. 2021 йилнинг 1 декабрь куни агентлик директори Турсунали Қўзиев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистонда ўрганиш ишлари олиб бориш жараёнида мазкур масала назоратга олинган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Маданий мерос бошқармасига маданий мерос объекти ҳудудини муҳофаза қилиш ва асрашга доир кўрсатмалар берилган.

Фото: Маданий мерос агентлиги

Ҳозирда Қоқақалпоғистон прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.