22:25 | 09.12.21 24

Қўйлиқ бозори кўчирилиши сабабли «питак» ҳам янги жойга ўтказилади

Bugun.uz автотураргоҳдаги ҳайдовчилар ва сотувчилар фикри билан қизиқди

Тошкент шаҳрида жойлашган Қўйлиқ деҳқон бозори ва унга туташ бўлган улгуржи савдо майдони ҳозирги жойидан бошқа манзилга кўчирилиши ҳақида 7 декабрь куни хабар қилинганди. Орадан вақт ўтиб, бозор Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги Меҳнатобод кўчасида жойлашган «FoodCity» савдо марказига кўчирилиши маълум бўлди.

Ижтимоий тармоқларда бозор ёнида жойлашган водий вилоятларига қатновчи автомашиналар бекати (питак) ҳам кўчирилиши борасида хабарлар тарқалди. «Bugun.uz» мухбири Бектемир тумани ҳокимияти билан боғланганда, ҳокимлик матбуот котиби ушбу маълумотни тасдиқлади. Шундан сўнг сайт мухбири бу борада «питак»даги ҳайдовчилар қандай муносабатда эканлигига қизиқди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бектемир тумани ҳудудида жойлашган ушбу бозорда норози аҳоли машиналар йўлини тўсиб қўйгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалди. Видео муаллифи сўзларига кўра, бозор бузилишидан норози бўлган одамлар йўлни тўсиб чиққан. «Одамлар митинг қиляпти, Қўйлиқ бузилади деганига митинг бўляпти», — дейди видеога олган йигит.

«Bugun.uz» ҳолат юзасидан маълумот олиш учун Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати билан боғланди. Вазирлик матбуот котибининг маълум қилишича, бозордаги вазият бўйича Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари шуғулланмоқда.

Шунингдек, нашр мухбири Тошкент шаҳар ИИББ билан ҳам боғланди. Маълум бўлишича, бозор ҳудудида ҳеч қандай норозилик акцияси ёки митинг ўтказилмаган. Бозор кўчирилиши тўғрисида сотувчилар ва аҳолига тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.