Рейтинг. Фақатгина Ғарб: дунёнинг энг қадимий Конституциялари

Умуман олганда, дунё бўйлаб барча конституциялар мазмунан ва мақсадига кўра бир-бирини такрорлаши бор гап. Улар мамлакатнинг ҳуқуқий тизимларини белгилайди, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқларини батафсил баён қилади. Бир қанча ўзгартиришлар ортидан бугунги ҳолга келган жаҳон конституцияларининг кўпчилиги бундан бир неча аср олдинлар ёзилган. Бугун биз сиз билан дунёнинг энг қадимги конституциялари ҳақида гаплашамиз.

1. Сан-Марино Конституцияси. Тасдиқланган сана: 1600 йил 8 октябрь. Охирги таҳрир: 2002 йил. Муаллиф: Камилло Бонелли. Ҳукумат тури: унитар парламент диархияси директорлик республикаси.

Фото: «Vocal Media»

Сан-Марино Конституцияси тарихи 1600 йилга бориб тақалади ва у ўшандан бери муомалада ҳисобланади. Дунёдаги энг қадимги конституция тўла кодлаштирилмаган, яъни унинг барча элементлари ҳам қонун саналмайди. Шунинг учун Қўшма Штатлар Конституцияси кўпчилик томонидан энг қадимги деб эътироф этилади. Сан-Марино Конституцияси. лотин тилида ёзилган ва олтита китобдан иборат. У охирги марта 2002 йилда 1974 йилдаги «Фуқаролар ҳуқуқлари декларацияси» янгиланганда ўзгартирилган.

2. АҚШ Конституцияси. Тасдиқланган сана: 1788 йил 21 июнь. Охирги таҳрир: 1992 йил 5 май. Муаллиф: конституциявий конвенция. Ҳукумат тури: Федерал президентлик конституциявий республика.

Фото: «CNN»

Сан-Марино Конституциясидан қарийб 200 йилга ёш бўлса-да, Қўшма Штатлар Конституцияси кўпинча дунёдаги энг қадимги конституция сифатида тилга олинади. Бунинг биринчи сабаби Сан-Марино Конституциясининг ҳамма қисмлари ҳам кодификацияланмагани бўлса, бундан ташқари, Қўшма Штатлар Конституцияси бир қанча бошқа мамлакатлар конституцияларига ҳам таъсир кўрсатди. Қўшма Штатлар Конституцияси 1788 йил 21 июнда 13 штатдан 9 таси имзолаганидан кейин ратификация қилинган. Конституция кейинги йил март ойида кучга кирган ва янги ҳукумат тузилган. Ўшандан бери Қўшма Штатлар Конституциясига жами 27 марта ўзгартириш киритилган. Биринчи ўнта тузатишлар биргаликда «Ҳуқуқлар тўғрисидаги Билл» деб номланади.

Қизиқ жиҳати шундаки, Қўшма Штатларнинг кўплаб асосчилари жумладан, Томас Жефферсон, Жон Адамс, Самуэл Адамс, Патрик Генри ва Жон Хэнкоклар мазкур конституцияни имзоламаганлар.

3. Польша Республикаси Конституцияси. Тасдиқланган сана: 1791 йил 3 май. Охирги таҳрир: 2009 йил 21 октябрь. Муаллифлар: Игнатий Потоски, Ҳуго Коллатаж, Кинг Станислав Аугуст Пониатовски, Станислав Малаховски, Станислав Стасзич ва Скипионе Пиаттолилар. Ҳукумат тури: унитар ярим президентлик конституциявий республика.

Фото: «Poland.pl»

1791 йилги Польша Конституцияси мамлакатда янада кучлироқ конституциявий монархия ўрнатишга қаратилган бўлиб, унда ҳокимиятда аниқ бўлиниш мавжуд эди: ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимиятлари. Польшанинг кейинги конституциялари 1791 йил 3 майдаги конституция ғояларидан илҳомланган. Бугунги Польшанинг замонавий конституцияси 1997 йилда кучга кирган ва охирги марта 2009 йилда ўзгартирилган.

Польшанинг 1791 йил 3 майдаги Конституцияси мамлакат учун тарихий аҳамиятга эга ҳамда 3 май Польша миллий ва давлат байрами ҳисобланса-да, конституция 1792 йилги Рус–Польша уруши туфайли фақат бир йилгина амал қилади.

4. Норвегия Конституцияси. Тасдиқланган сана: 1814 йил 17 май. Охирги таҳрир: 2014 йил 13 май. Муаллиф: Норвегия Таъсис Ассамблеяси. Ҳукумат тури: унитар парламентли конституциявий монархия.

Норвегия Конституцияси 1814 йил 17 майда қабул қилинган ва у дунёдаги энг қадимги конституциялардан бири ҳисобланади. Мазмунан АҚШ Конституциясига ўхшаш Норвегия Конституцияси қуйидаги тамойилларга асосланади: халқ суверенитети, ҳокимиятларнинг бўлиниши ва инсон ҳуқуқлари. Норвегия Конституцияси, шунингдек, ҳукуматнинг уч хил тармоғини белгилайди: қонун чиқарувчи, бюджет ва назорат ҳокимияти стортингга берилган; ижро этувчи ҳокимият қирол ва кенгашга тегишли; суд ҳокимияти олий судлар, қуйи судлар ва импичмент судига тегишли. Норвегия Конституцияси бошланишиданоқ мамлакат ҳимоя қилишга интилган асосий инсон ҳуқуқларини тан олди.

Норвегия Конституцияси доимо инсон ҳуқуқларига бағишланган бўлса-да, 2014 йил 13 майда Конституцияга инсон ҳуқуқларига оид яна қатор моддалар қўшилган.

5. Нидерландия Қироллиги Конституцияси. Тасдиқланган сана: баъзи манбаларда 1814 ва бошқаларида 1815 йил. Охирги таҳрир: 1983 йил. Муаллифлар: Гейсберт Карел ван Хогендорп ва Уильям I бошчилигидаги комиссия. Ҳукумат тури: ярим федерал парламент конституциявий монархия.

Фото: «Wikimedia»

Нидерландия Қироллиги Конституцияси яратилиши тахминан 1814 ёки 1815 йилларга тўғри келади ва бир неча марта ўзгартиришларга учраган. Конституцияни биринчи йирик қайта кўриб чиқиш 1848 йилда бўлиб ўтди ва унга кўра, мамлакатда парламент демократияси тизими ўрнатилди. Нидерландия Конституциясининг амалдаги таҳрири 1983 йилга тўғри келади. Барча конституциялар сингари, Нидерландия Қироллигининг Конституцияси ҳам Голландия бошқарув тизими қоидаларини ва мамлакат фуқароларининг асосий ҳуқуқларини бирлаштиради. Нидерландия Конституциясида кўрсатилган ҳуқуқлардан баъзилари қуйидагилардан иборат: сўз эркинлиги, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи ва тенг муомала қилиш ҳуқуқи.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Нидерландия Қироллиги Конституцияси аслида мамлакатдаги иккинчи муҳим ҳужжатдир. У Нидерландия Қироллиги низомига бўйсунади. Мазкур низом қиролликни ташкил этувчи турли давлатлар (Нидерландия, Кюрасао, Сент-Мартен ва Аруба) ўртасидаги конституциявий муносабатларни тартибга солади.

6. Бельгия Конституцияси. Тасдиқланган сана: 1831 йил 7 февраль. Охирги таҳрир: 1993 йил. Муаллиф: Миллий Конгресс. Ҳукумат тури: Федерал парламент конституциявий монархия.

Бельгия Конституцияси 1831 йил 7 февралда Миллий Конгресс ўтган йилнинг ноябрь ойида янги ҳукумат тузиш бўйича мунозараларни бошлаш учун йиғилгандан кейин тасдиқланган. Бельгия Конституцияси 1791, 1814 ва 1830 йиллардаги Франция конституцияларидан, 1814 йилги Голландия конституциясидан ва Англия конституциявий ҳуқуқидан илҳомланиб яратилган. 1831 йилдан бери Бельгия парламентар монархия бўлиб, бошқарувнинг уч бўғини: қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суддан ташкил топади. Бельгия Конституцияси мамлакат қонунлари ва ҳукуматини ўрнатишдан ташқари, ўз фуқаролари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳам кафолатлайди. Конституцияга кўра, барча бельгияликлар қонун олдида тенгдир ва ҳеч бир фуқаронинг эркинлиги суд қароридан ташқари ҳеч қандай тарзда рад этилмайди.

Яна бир қизиқ маълумот — ҳукумат коррупциясининг олдини олиш учун Бельгия Сенатига номзод бўлишни истаган ҳар бир киши катта миқдорда солиқ тўлаши ва камида 40 ёшга тўлиши кераклиги ҳақидаги тартибни ўрнатган.

7. Люксембург Конституцияси. Тасдиқланган сана: 1841 йил 12 октябрь. Охирги таҳрир: 2016 йил 18 октябрь. Муаллиф: Уильям II. Ҳукумат тури: унитар парламентли конституциявий монархия.

Фото: «Constitution.net»

Люксембург Конституцияси биринчи марта 1841 йилда, Люксембург суверен давлат бўлганидан икки йил ўтгач ёзилган. Амалдаги Конституциянинг яратилиши эса 1868 йилга тўғри келади ва унга охирги марта 2016 йилда ўзгартириш киритилган. Люксембург Конституцияси 13 боб ва 121 моддадан иборат. Бошқа конституциялар сингари Люксембург Конституцияси ҳам давлатнинг таъсис асосларини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини тавсифлайди. Конституциядаги энг катта ўзгаришлардан бири 1919 йилда юз берган. Унга кўра, 21 ёшга тўлган барча вояга етган фуқароларга овоз бериш ҳуқуқи берилган (1972 йилда бу кўрсаткич 18 ёшга камайтирилган). Бунгача эса мамлакатда фақат 25 ва ундан катта ёшдаги, маълум миқдорда солиқ тўлаган эркаклар овоз беришда қатнашишлари мумкин эди. Люксембург расмий веб-сайтига кўра, парламент ҳозирда замонавий демократияни акс эттириш учун конституцияни қайта кўриб чиқиш ва янгилаш жараёнида турибди.

8. Швейцария Федерал Конституцияси. Тасдиқланган сана: 1848 йил 12 сентябрь. Охирги таҳрир: 2014 йил 8 май. Муаллиф: Федерал Ассамблея. Ҳукумат тури: кўп партияли ассамблеяга асосланган мустақил бошқарув республикаси остида федерал ярим тўғридан-тўғри демократия.

Швейцария Федерал Конституцияси биринчи марта 1848 йил 12 сентябрда ёзилган ва унга кўра Швейцария федерал давлати ташкил топган. Бу конституциянинг яратилишида Америка Қўшма Штатлари Конституцияси ва француз инқилоби ғоялари катта таъсир кўрсатади. Конституцияни ёзиш учун Федерал Ассамблея, Миллий Кенгаш ва Давлатлар Кенгашидан иборат икки палатали ассамблея ташкил этилган.

Бундан ташқари, Швейцария Федерал Конституцияси ўз фуқароларига асосий шахсий ҳуқуқлар декларацияси, федерал ҳукуматни ва федерал судни тақдим этади. Ушбу 1848 йилги Конституция кейинчалик, 1874 йилда қайта ёзилган. Замонавий Швейцария Федерал Конституцияси 1999 йил 18 апрелда ратификация қилинган.

9. Дания Қироллигининг Конституциявий акти. Тасдиқланган сана: 1849 йил 5 июнь. Охирги таҳрир: 1953 йил 5 июнь. Муаллифлар: Д.Г.Монрад ва Орла Леманн. Ҳукумат тури: унитар парламентли конституциявий монархия.

Ушбу рўйхатдаги кўплаб мамлакатлар сингари, Дания Қироллигида ҳам монархия, ҳам демократия ҳукм суради. Конституциявий монархия сифатида монарх ҳокимияти Дания Қироллигининг 1849 йилда қабул қилинган Конституциявий акти билан чекланади. Конституциявий акт Данияда энг муҳим қонун ҳужжати бўлиб, қолган барча қонунлар унга мувофиқ бўлиши керак.

Конституциявий қонунга охирги марта 1952 йил 5 июнда ўзгартириш киритилган. Унга кўра, 1849 йилги 100 бўлимдан иборат дастлабки қонун 11 бобда жамланган 89 бўлимга қисқартирилган. Конституциявий қонун нафақат Дания демократиясини, балки фуқароларнинг сўз, диний эътиқод эркинлиги ва мажбурий ҳарбий хизмат каби ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳам белгилайди.

Маълумот ўрнида, Дания қироли Кристиан VIII вафотидан олдин ўғли Фредерик VII га Дания халқига эркинлик ва тенгликни кафолатлайдиган ва ҳар қандай шахснинг чексиз ҳокимиятга эга бўлишига тўсқинлик қилувчи янги конституцияни яратишни буюрганидан сўнг мутлақ монархиядан конституциявий монархияга айланади.

10. Канада Конституцияси. Тасдиқланган сана: 1867 йил 1 июль. Охирги таҳрир: 1982 йил. Муаллиф: Канада Конфедерацияси. Ҳукумат тури: Федерал парламент конституциявий монархия.

Канада Конституцияси 1867 йилда Британиянинг Шимолий Америка қонуни сифатида ёзилган. Бу йил, шунингдек, Шимолий Америкадаги тўртта Британия колониялари бирлашишга ва Британия тожи остида ягона, ўзини ўзи бошқариш конфедерациясини тузишга қарор қилганда ташкил этилган Канаданинг туғилган кунидир. Канада ўзини ўзи бошқарадиган давлат ҳисобланса-да, бугунги кунда ҳам Британия Ҳамдўстлиги мамлакати бўлиб қолмоқда.

Канада Конституцияси мамлакатнинг бошқарув тизимини, жумладан, парламентнинг тузилишини, сайловларнинг ишлаш принципи, монархиянинг роли ва федерал ҳукумат ҳамда вилоятлар ўртасидаги ваколатларнинг тақсимланишини белгилайди. Конституция охирги марта 1982 йилда янгиланган бўлиб, шу йили унга «Канада ҳуқуқ ва эркинликлари хартияси» деб номланувчи бўлим киритилган. Мазкур бўлимда ҳар бир Канада фуқаросининг фуқаролик ҳуқуқлари белгилаб қўйилган.

1980 ва 1990 йилларда Канада Конституциясига ўзгартириш киритишга уриниб кўрилган, лекин бу амалга ошмай қолган.

Бизда ҳозирча шулар. Яна рейтинглашгунча деб қоламиз!

Ерни кетма-кет магнит бўронлари қоплайди
Жаҳон17:24 | 15.8.22
Ерни кетма-кет магнит бўронлари қоплайди
Ўзбекистонда жазони ижро этиш тизими ходимлари бодикамералар билан таъминланади
Жамият16:57 | 15.8.22
Ўзбекистонда жазони ижро этиш тизими ходимлари бодикамералар билан таъминланади
Ўзбекистонга хориждан ўқишни кўчириш бўйича аризаларни таҳрирлаш учун қўшимча муддат берилди
Илм-фан16:33 | 15.8.22
Ўзбекистонга хориждан ўқишни кўчириш бўйича аризаларни таҳрирлаш учун қўшимча муддат берилди
Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон президентини табриклади
Жамият15:59 | 15.8.22
Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон президентини табриклади
Наманганда темир йўлда ухлаб ётган эркакни поезд босиб кетди — видео
Жамият, Наманган15:47 | 15.8.22
Наманганда темир йўлда ухлаб ётган эркакни поезд босиб кетди — видео
Тошкент метросининг «Ерусти ҳалқа йўли» йўналишида ҳаракат вақти ўзгаради
Жамият, Тошкент ш.15:24 | 15.8.22
Тошкент метросининг «Ерусти ҳалқа йўли» йўналишида ҳаракат вақти ўзгаради