Россиянинг Ленинград вилоятида 33 ёшли ўзбекистонлик эркак 15-қаватдан тушиб кетиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб, «47news.ru» хабар берди.

Фото: «abnews.ru»

Маълум қилинишича, 2 декабрь куни вилоятнинг Всеволожск тумани полициясига ҳудудда қурилаётган кўп қаватли уй деразалари остидан эркак кишининг жасади топилгани ҳақида хабар келиб тушган.

Дастлабки маълумотларга кўра, эркак 15-қаватда қолипларни тартибга солиш билан шуғулланган. Жараён давомида эса қоқилиб, 15-қаватдан тушиб кетган. Тахминларга қараганда, эркакда хавфсизлик арқони бўлмагани унинг ўлимига сабаб бўлган. Таъкидланишича, марҳум 33 ёшда, асли ўзбекистонлик бўлган.

Қайд этилишича, ҳозирда Ленинград вилояти Тергов қўмитаси Жиноят кодексининг 216-моддаси (қурилиш ёки бошқа ишларни бажаришда хавфсизлик қоидаларини бузиш) билан жиноий иш қўзғатиш масаласини ўрганмоқда.

Аввалроқ Россияда ўзбекистонлик 6 ёшли бола 4-қаватдан тушиб кетгани маълум қилинганди. Шунингдек, мамлакатда ўзбекистонлик эркак бешинчи қаватдан қулаб, вафот этганди.