Россиялик вирусолог коронавирус ҳақидаги миш-мишлардан бирига аниқлик киритди

Россиянинг Новосибирск давлат университети табиий фанлар факультетининг биотехнология ва вирусология лабораторияси мудири, Россия Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, профессор Сергей Нетесов коронавирус ҳақидаги миш-мишлардан бирига аниқлик киритди. Бу ҳақда «Gazeta.ru» хабар берди.

Фото: «EurActiv.com»

Маълум қилинишича, мутахассис коронавирус инфекциянинг зарарсизлиги ва гриппдан хавфли эмаслиги ҳақидаги миш-мишга ойдинлик киритган.

«Бу, фикримча, йилнинг асосий миш-мишлардан бири бўлди. Бундан ташқари, ўтган даврнинг ўзи ушбу миш-мишнинг нотўғри эканини кўрсатди. Чунки ҳозир кунига минглаб кишилар коронавирус сабаб ўлмоқда. Грипп касаллиги билан ҳеч қачон бунчалик катта ўлим кўрсаткичи қайд этилмаган. Сўнгги 50 йил ичида бундай ҳолат аниқ кузатилмаган», — дейди мутахассис.

Эслатиб ўтамиз, Германия ва бельгиялик олимлар коронавирус ҳақидаги яна бир миш-мишга ойдинлик киритганди. Унга кўра, касаллик инсон мия ҳужайрасини зарарламаслиги аниқланганди. Маълум қилинишича, Германия ва Бельгия олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотларнинг мавзуси коронавирус асосий белгиларидан бири ҳисобланадиган аносмия — ҳиднинг йўқолиши бўлган.

Мутахассислар 85 та ҳолатни, шу жумладан, коронавирусни юқтириб олиб, бир неча кундан сўнг вафот этган одамларнинг маълумотларини ўрганган. Хулосаларга кўра, коронавирус тарқалиши учун энг қулай жой бурун бўшлиғининг сустентакуляр ёки қўллаб-қувватловчи ҳужайралари ҳисобланади.

«Биз ҳид билиш қобилиятига масъул бўлган сезгир нейронларнинг инфекцияни юқтириб олишига оид далил топмадик. Шундан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, коронавирус мия ҳужайраларига зарар етказмайди», — деган олимлар.

Аввалроқ коронавирусга қарши эмланишдан олдин қандай турдаги дориларни қўллаш мумкин эмаслиги айтилганди. Шунингдек, ЖССТ коронавирусга қарши эмланмаганларни огоҳлантирганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз