Россиянинг Тожикистонда жойлашган 201-базаси ҳарбийлари янги «Утес» оғир пулемётларини синовдан ўтказган ҳолда ҳарбий машғулот ўтказди. Бу ҳақда «Sputnik Тожикистон» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Маълум қилинишича, шартли ер ва ҳаво нишонларини йўқ қилиш бўйича машғулот Ляур тоғ тизмасининг махсус жиҳозланган ҳудудида бўлиб ўтган.

«Россия ҳарбий хизматчилари Тожикистонда илк бор янги ‘Утесʼ йирик калибрли пулемётларини синовдан ўтказди, улар яқинда 201-ҳарбий базанинг мотоўқ бўлинмаларига топширилган», дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, 201-ҳарбий база ҳарбийлари 2021 йил давомидаги жанговар тайёргарликлар жараёнида 500 га яқин ҳарбий миссия бажарган. Жараён давомида «БМ-21 Град», «Ураган» ракета тизимлари, 122 миллиметрли ўзиюрар артиллерия каби қуроллардан фойдаланилган.

Шунингдек, россиялик ҳарбийлар Тожикистондаги базани янги танклар билан таъминлаган. Афғонистон билан чегарадаги вазият кескинлашуви фонида Россия ёз ва кузда Марказий Осиё давлатлари билан бир қатор машқлар ўтказган.

Аввалроқ Россиянинг 201-ҳарбий базасининг разведкачи батальони ҳарбий хизматчилари Тожикистонда бўлиб ўтаётган «Кобальт — 2021» КХШТ қўшма машғулотларида илк бор «АК–12» автоматидан фойдаланиб, уни синовдан ўтказиши хабар берилганди. Шунингдек, АҚШ ҳукумати икки йил ичида «Ground Based Strategic Deterrent» қитъалараро баллистик ракетасини синовдан ўтказмоқчилиги маълум қилинганди.