Сенатнинг йигирма иккинчи ялпи мажлиси 15 декабрь куни чақирилади. Бу ҳақда 9 декабрь куни бўлиб ўтган Сенат кенгаши мажлисида маълум қилинди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Хабарга кўра, видеоконференцалоқа тарзида ўтказиладиган ялпи мажлисда бир қатор масалалар кўриб чиқилиши назарда тутилган. «2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги, «Инсон аъзолари ва тўқималарининг трансплантацияси тўғрисида»ги, «Ёшлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 2458-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги, «Тадбиркорлар кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг давлат бюджети бўйича 2021 йил тўққиз ойидаги ижроси, Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш, Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижро этилишининг бориши юзасидан ҳисоботлар эшитилади.

Шунингдек, сенаторлар суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига юборилган парламент сўрови натижаларини муҳокама қилади.

Ялпи мажлисда экспорт ҳажмининг барқарор ўсишини таъминлаш ва унинг номенклатурасини диверсификациялаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда Айдар–Арнасой кўллар тизимида юзага келаётган муаммоларнинг экология ҳамда аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш масалалари ҳам кўриб чиқилади. Парламент юқори палатасининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини ҳам эшитиш назарда тутилган.

Аввалроқ Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлисини 18 ноябрь куни чақириш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақида хабар берилганди.