Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни Сеулда мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантиришга бағишланган саммитда иштирок этиш учун Жанубий Кореяга боради. Бу ҳақда «Yonhap» ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Мирзиёевнинг давлат ташрифи уч кун давом этади. Саммит эса 17 декабрда бўлиб ўтади. Президентлар Мун Чжэ Ин ва Шавкат Мирзиёев икки халқ ўртасидаги «келажакка йўналтирилган ва ўзаро манфаатли» ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирларини муҳокама қилиши кутилмоқда.

«Жанубий Корея ва Ўзбекистон келаси йили дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлайди», — дейди президент матбуот котиби Парк Кюнг Ми.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Жанубий Кореяга давлат ташрифи билан борган ва Миллий Ассамблеяда нутқ сўзлаган эди.