Шавкат Мирзиёев 9 декабрь, пайшанба куни Самарқанд вилоятида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, бу лойиҳалар Самарқандни замонавий шаҳарга айлантириш, аҳоли, тадбиркорлар ва инвесторлар учун қулайликларни ошириш, туризм ривожи учун шароитларни яхшилашга қаратилган.

«Яқин йилларда Самарқанд яшаш учун қулай ‘миллионли шаҳар’га айлантирилади. Бунинг учун шаҳар таркибига қўшни туманлардан муайян ҳудудлар қўшилади. Давлат идоралари ва маъмурий хизматлар тарихий марказдан бошқа жойга кўчирилади. 2 та туннель ва 2 та кўприк қурилади», дейилдаи хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, Самарқанднинг асосий драйверларидан бири бўлган туризм соҳасида 40 минг кишининг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Бунинг учун вилоятни Ўзбекистоннинг «Туризм дарвозаси»га айлантириш орқали келгуси беш йилда сайёҳлик хизматлари ҳажмини 10 баробарга ошириш мўлжалланган. Жумладан, 600 дан ортиқ янги меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари ташкил этилади.

Бу соҳадаги энг улкан лойиҳа Самарқанд бизнес ва туризм марказидир. 212 гектар майдонда барпо этилаётган бу масканда халқаро конгресс маркази, «Абадий шаҳар» карвонсарой мажмуаси, 8 та меҳмонхона, дам олиш ва кўнгилочар объектлар, ҳунармандчилик маркази, сунъий сув ҳавзалари бўлади. Бу ерда 5 мингдан зиёд ёшлар бандлиги таъминланади.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарга кўра, вилоятга ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сонини йилига 5 миллионга етказиш мақсад қилинган. Тақдимотда ушбу лойиҳаларнинг амалий жиҳатлари, режадаги иншоотларни замонавий ва сифатли қилиб қуриш чоралари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент «Янги Ўзбекистон» массивларининг қурилиш лойиҳалари билан танишганди. Шунингдек, Самарқанд халқаро аэропорти қачон очилиши маълум бўлганди.