Сурхондарё вилоятида аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган 138 миллион долларлик мега лойиҳа «To‘palang HPD Platinum»га берилди. Бу ҳақда Telegram’даги «davletovuz» каналида маълум қилинди.

Фото: «2GIS»

Қайд этилишича, 2021 йилнинг ўзида бош пудратчи билан 527 миллиард 428 миллион сўмлик шартнома имзолангани айтилган. Бундан 3,4 миллиард сўми Россиядан пўлат труба қувурлар келтиришга йўналтирилади. Лойиҳани 2023 йилда якунлаш кўзда тутилган бўлиб, ҳукумат қарори билан «To’palang HPD Platinum» бош пудратчи сифатида тендерсиз танлаб олинган.

«Bugun.uz» ҳолат бўйича маълумот олиш учун вилоят ҳокимлиги билан боғланганда ҳокимиятнинг бунга алоқаси йўқлиги, «бу билан республика шуғулланиши» маълум қилинди.

Таъкидланишича, бош пудратчининг ягона таъсисчиси «To’palang HPD Holding» МЧЖ ҳисобланади. Мазкур холдинг улушининг 61,70 фоизи Абдураҳмонов Ислом Абдуғаниевичга тегишли. Маълумотларга кўра, у  «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти бошқарув раиси, сенатор Сангинов Абдуғани Абдураҳмоновичнинг ўғли ҳисобланади.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Шунингдек, 138 миллион долларлик лойиҳанинг техник-иқтисодий асослантирилиши «Гидропроект» АЖ томонидан ишлаб чиқилгани маълум қилинган. Ташкилотнинг 71,86 фоиз овоз берувчи акцияларига «Ўзбекгидроэнерго» АЖ эгалик қилади.

Аввалроқ Сурхондарё вилояти аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлайдиган йирик лойиҳага старт берилгани ва бу «Toʼpalang HPD Platinum» корхонаси томонидан 2021–2023 йиллар давомида босқичма-босқич амалга оширилиши хабар қилинганди. Қолаверса, Президент фармони билан «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятини ташкил этилгани ҳамда «ТўпалангсувГЭСқурилиш» МЧЖ бошқаруви раиси бўлиб ишлаган сенатор Абдуғани Сангинов янги компания бошқаруви раиси этиб тайинлангани эълон қилинган.