Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Денов туманидаги «Indenim» савдо мажмуаси портлашидан зарар кўрган фуқаролар ва тадбиркорларга ёрдам берилишини маълум қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, портлашдан сўнг воқеа жойида бўлган вилоят ҳокими ҳолат билан танишган ва фуқароларга ёрдам кўрсатиш ҳамда зарар оқибатларини бартараф этиш ишларини шахсан ўз назоратига олган.

9 декабрь куни шифохонага ташриф буюрган вилоят ҳокими у ердаги беморлар учун яратилган шароитлар билан танишган ва жароҳат олган фуқаролар ҳолидан хабар олган. Куннинг иккинчи ярмида эса Денов туманида вилоятдаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги масъул раҳбарлар билан учрашув ўтказган.

Учрашувда вилоят ҳокими тиббиёт соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар ҳамда қилиниши лозим бўлган ишлар хусусида ўз фикрларини билдирган. Энг аввало, соҳа ходимларининг малакасини ошириш зарурлигини таъкидлаган.

Шунингдек, коронавируснинг инсоният ҳаётидаги салбий таъсири ҳақида тўхталиб, ундан халос бўлишнинг энг самарали ва энг ишончли йўли — фуқароларни касалликка қарши эмлаш эканлигини таъкидлаган.