Янгиликлар - 11:40 · 09.12.2021

Тошкент вилоятида 5 та машина иштирокида тўқнашув содир бўлди — видео

Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида 9 декабрь куни 5 та машина иштирокида тўқнашув содир бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: ЙҲХББ ахборот хизмати

Маълум бўлишича, воқеа соат 07:30 атрофида туман ҳудудидан ўтган Тошкент–Олмалиқ автомобиль йўлининг 36-километрида содир бўлган. Аниқланишича, туманда йўлнинг кўриниш масофаси қисқаргани сабаб бир йўналишда олдинма-кейин ҳаракатланиб келаётган «Damas», «Nexia», «Spark», «Nexia-3» ҳамда «Isuzu» автобуси тўқнашиб кетган.

Таъкидланишича, ҳодисада тан жароҳати олганлар йўқ. Мазкур ЙТҲ юзасидан Юқори Чирчиқ тумани йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан суриштирув олиб борилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Аввалроқ Жиззахда 5 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлгани хабар қилинганди. Қайд этилишича, бухоролик ҳайдовчи бошқарувида бўлган юк машинасининг тормози ишламай қолган ва ўзидан олдинда ҳаракатланиб кетаётган 3 та «Nexia», 1 та «Lacetti»ни уриб юборган.

Bugun — LIVE