Тошкент вилоятидаги мактабда боласи билан уришган ўқувчиларга тазйиқ ўтказган аёл иши судга оширилди

Тошкент вилоятидаги мактабда аёл боласи билан уришган ўқувчиларга бақиргани ҳақида хабар берилганди. Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати мактабда юз берган ҳолат ўрганилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилганини маълум қилди.

Кадр: Telegram

Таъкидланишича, Бўка туманидаги 2-умумтаълим мактабининг 3-синф ўқувчиси Е.В. 19 ноябрь, жума куни мактабга бораётганда қор ёғиб, кўчалар сув бўлгани учун оёғи билан сувга тушиб, ҳўл бўлган. Ушбу мактабнинг ёшлар етакчиси мактаб коридорида В.Е.нинг оёғи ҳўл бўлганини кўриб, синфхонасига олиб кирган ва ўқувчини синф раҳбари Феруза Қўшматовага топширган. Синф раҳбари ўқувчининг саломатлигидан қайғуриб, болани уйи мактабга яқин бўлгани сабабли оёқ кийимларини алмаштириб келиш учун уйига жўнатган ва йўлдан ўтказиб қўйган.

Боланинг онаси А.Н. ўғлининг оёғи ҳўл ҳолатда уйга қайтиб келганини кўриб, нима бўлганини сўраганида ўғли синфдошлари сувга итариб юборганини, шунинг учун оёғи ҳўл бўлганини айтган, она ўғлининг оёқ кийимларини алмаштирмаган ҳолда қайтариб, мактабга олиб келган ва бақириб, жанжал кўтарган. Мактаб маъмурияти дарҳол ўқувчига қуруқ кийим ва пайпоқ бериб, устини алмаштирган.

Синф раҳбари, мактаб психологи, мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари онага синф хонасида жанжал кўтармаслигини, синфдан ташқарида муассаса раҳбарияти билан биргаликда бу масалани ҳал қилишни айтган, лекин А.Н. синф хонасидан чиқмасдан, ўқувчиларга тазйиқ ўтказиб, жанжални давом эттирган. Ушбу вазиятдан мактаб директори хабар топиб, туман қўриқлаш хизмати ходимларини чақиртирган, бироқ фуқаро ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳам қаршилик кўрсатган.

Вазирнинг Назорат-ҳуқуқий хизмати аралашувидан сўнг профилактика инспекторининг иш юритувида бўлган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40 (туҳмат), 183 (майда безорилик) ва 194 (милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) моддаларида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этгани учун фуқаро А.Н.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун 9 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Бўка тумани судига юборилиши таъминланган.

Шу билан бир қаторда, синф раҳбари Феруза Қўшматовага Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-5-моддасига мувофиқ, педагог-ходимнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш ҳолати юзасидан судга мурожаат этиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилган. Суд натижалари бўйича қўшимча маълумот берилади.

Аввалроқ Тошкентда автомобиль йўлида чўмилган 17 ёшли ўқувчининг ота-онасига чора кўрилганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз