Тошкент шаҳрида 8 декабрь куни 15 ёшли йигит бошқарувидаги «Cobalt» «Matiz» билан тўқнашди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси

Маълум қилинишича, тахминан соат 22:00 да Шифо-нур ва Талабалар кўчалари кесишмасида «Cobalt» автомобилини тегишли ҳуқуқсиз бошқарган 15 ёшли А.М. қарама-қарши ҳаракат йўлигига чиқиб, 33 ёшли Р.И. бошқарувидаги «Matiz» автомобилига тўқнашган.

Фото: Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси

Тўқнашувдан сўнг «Cobalt» ҳаракатни бошқарувсиз давом эттириб, дарахтга тўқнашган ва ёнишни бошлаган. Ёнғин воқеа жойига етиб келган ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан ўчирилган.

Фото: Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси
Фото: Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси

Тўқнашув оқибатида иккала ҳайдовчи ҳам бадан шикастлари билан тиббиёт муассасасига етказилди. Уларнинг ҳолати қониқарли. Ушбу факт бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан тергов текширув ўтказилмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятида 5 та машина иштирокида тўқнашув содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, пойтахтда январь–ноябрь ойларида қанча пиёда ЙТҲда вафот этгани маълум қилинган.