Тошкент шаҳрида COVID-19’дан вафот этган тиббиёт ходимлари хотирасига хиёбон ташкил этилмоқда. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Таъкидланишича, пойтахтда пандемия давомида вафот этган тиббиёт ходимлари хотирасига бағишланган акция бошланган. 11 декабрь куни соат 10:00 да Ғалаба боғига кириш олдидаги майдончада Хотира хиёбонини ташкил қилиш ишларига старт берилади. Биринчи босқичда чинор, қайрағоч ва акация каби 61 та дарахт экилади.

Акцияни Ландшафт санъати уюшмаси Олмазор туман ҳокимлиги билан биргаликда ташкилламоқда. Хусусий компания ва шахсларнинг ҳомийлиги ҳам ишлар янада ривожланишинишига ёрдам беради. Шу боис ушбу ташаббусга бефарқ бўлмаган тошкентликлар дарахтларни экишда иштирок этиш ва лойиҳага ҳомийлик ёрдамини кўрсатишга таклиф қилинган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳасига йўналтирилган маблағ 2 баробарга оширилишини айтганди. Шунингдек, Ўзбекистонда олий тоифали ўқитувчи ва шифокорлар маоши 1000 долларга етказилиши ҳақида хабар берилган.