«Тошшаҳартрансхизмат» йўл ҳақини ошириш учун манипуляциядан фойдаландими? Ўтган ҳафта акциядорлик компанияси матбуот хизмати томонидан эълон қилинган ҳисобот муҳокамаларга сабаб бўлди. Ирландиянинг ААРC халқаро консалтинг компаниясининг жамият фаолиятини трансформациялаш бўйича тайёрлаган ҳисоботи ушбу муҳокама марказида турди.

Фото: «Bugun.uz»

«Тошшаҳартрансхизмат»нинг ҳисоботга таяниб тарқатган хабарига кўра, Тошкентда йўл кира нархи 1 минг 400 сўмни (тахминан 0,13 АҚШ доллари) ташкил этади, бу дунё бўйича шаҳар йўловчи транспортидаги энг арзон тарифдан бири ҳисобланади. Мисол тариқасида Тошкент шаҳрида автобус учун белгиланган йўлкира хақи Нью-Йорк шаҳридагидан 20 баробар арзонроқ экани айтилди.

Мазкур ҳисоботнинг яна бир қизиқ томони, унда молиявий таҳлил натижалари «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти ўз-ўзини таъминламагани, даромад ва ҳаражатлар ўртасидаги фарқ пандемия таъсирисиз ҳам анча ортганини кўрсатаётгани иддао қилинган. Шунингдек, бунинг асосий сабаби сифатида чипта нархи фақат бир марта — 2019 йилда 1200 сўмдан 1400 сўмга (4 фоизга) ўзгаргани, харажатлар эса бу вақтда 15 фоизга ошгани кўрсатилган.

Оддий арифметик ҳисоб-китобга кўра, нарх 1200 сўмдан 1400 сўмга ошса, 4 фоиз емас, 16 фоиздан кўпроққа ўзгарган бўлади. Агар мазкур ҳисобот ўша ААРC халқаро консалтинг компаниясига тегишли бўлса, улар шу оддий рақамда адашганми?

Мазкур масала юзасидан иқтисодчи Ботир Қобилов ҳам ўз фикрини билдирган. Гарвард докторанти ҳисоботда кўрсатилган Тошкентда йўлкира Нью-Йоркдан 20 баравар арзонлигини таҳлил қилган.

«Осло, Нью-Йорк ва Тошкентни солиштириш учун умумий махражга келтириш керак эмасми? Масалан, аҳоли даромадларидаги фарқ инобатга олиниши керак эмасми? Агар Тошкент ва Нью-Йоркдаги жамоат транспорти фойдаланувчилари медиан ойлигининг неча фоизи жамоат транспортида бир ой ҳаракатланиш абонементига сарфланади, деб таққосланса, бироз мантиқий солиштирув бўлар эди, менимча» — деган Ботир Қобилов.

Унинг айтишича, Нью-Йоркда бир киши ўз даромадининг 3,8 фоиз қисмини йўлкирага ишлатади. Тошкентда эса бир киши ўз даромадининг 7,7 фоиз қисмини йўл ҳақига ишлатади.

Ботир Қобилов, шунингдек, янгиликни кўрган ўқувчида яқин келажакда Тошкентда йўл ҳақи ошар экан, деган фикр пайдо бўлишини таъкидлаган. Бундан ташқари, иқтисодчи кейинроқ матбуот хизмати мақоласидаги рақамлар ҳисоботдагига нисбатан нотўғри талқин қилинганини билдирди.

«Bugun.uz» мухбири мазкур ҳисобот юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизмати билан боғланди. Корхона расмийлари мазкур ҳисобот қайта ишламасдан эълон қилинганини, ундаги барча маълумотлар консултантлар фикри эканини маълум қилди. Айни пайтда ҳисоботда хатоликлар борлиги сабаб матбуот хизмати тарқатган хабарлар ижтимоий тармоқдан ўчирилган.

Бунгача ўзи «Тошшаҳартрансхизмат»да йўл ҳақини ўзгартириш мақсади бўлганми? Матбуот хизмати бу бўйича ҳеч қандай расмий маълумот йўқлигини, агар нарх ўзгарса ҳам, аввал жамоатчилик фикри ўрганилишини маълум қилди. Шунга қарамай, жамият 30 ноябрь куни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида йўлкира оширилиши бўйича ижтимоий сўровнома ўтказган. Демак, ҳисобот рақамларини ўз манфаатларига қулай талқин этилиши кейинчалик нарх оширилишига ишора эдими? Бу саволга расман ва аниқ жавоб йўқ.

Тошкентда сўнгги бор метро ва автобусларда йўл ҳақи 2019 йил 15 августдан бошлаб 1200 сўмдан 1400 сўмга оширилган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида транспорт ташуви тарифлари кескин ўсишига йўл қўймаслик учун, 2017–2018 йилларда «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятига Давлат бюджети маблағи ҳисобидан субсидиялар ажратилган. Бу пуллар аҳоли даромадлари ўртасида кескин фарқни келтириб чиқармаслик ва ижтимоий заиф қатламни ҳимоя қилиш учун ажратилади.

Баҳодир Абдуллаев тайёрлади