Ўзбекистонда 2022 йил давомида «Олмалиқ КМК», «Ўзбекистон металлургия комбинати», «UzАuto Motors», «Ўзмиллий банк» ва «Ўзбекнефтгаз» АЖлар, 2023 йилда эса «Навоий КМК», «Uzbekistan Airways» АЖлар, «Агробанк» АТБ ва «Микрокредитбанк» АТБ каби корхоналар ва банклар ўз акцияларини республика фонд биржаси орқали жойлаштириши кутилмоқда. Бу ҳақда молия вазири ўринбосари Одил Исоқов Bugun.uz’га маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, 2022–2023 йилларда жами 15 та давлат иштирокидаги корхона, банк ва суғурта компанияларининг акцияларини биржа орқали оммавий таклиф қилиш орқали фонд биржасида жойлаштириш тасдиқланган. 

Одил Исоқовнинг айтишича, яна бир муҳим йўналиш – маҳаллий эмитентлар ўз акцияларини дастлаб республика фонд биржасида жойлаштиргандан сўнг андеррайтер тавсиясига кўра халқаро фонд бозорларида жойлаштириши мумкин бўлади. «Шу билан бирга, тегишли қонунчилик ҳужжатларида бир неча корхона ва банкларнинг халқаро биржаларда листингдан ўтишлари ва ўз акцияларини жойлаштиришлари белгиланган.

Бу жараённи Глобал Депозитар Тилхатлар (Global Depositary Receipts) орқали халқаро стандартларга мос равишда амалга ошириши мақсадга мувофиқлиги билдирилди», – дейди у.

Товар ва хизматлар бозорида устун мавқега эга монопол ташкилотларнинг акциялари очиқ савдо чиқарилишидан аввал IPO ишларидан аввалги тайёргарлик ўтказилади. Дастлабки босқич ўз ичига IPO бўйича кузатув кенгашини тасдиқлаш, адвокат ва андеррайтерлар жамоасини танлаш, IPO’га тайёрлик таҳлилини ўтказиш каби жараёнларни қамраб олади. 

Маълумот учун, IPO — (инглиз тилидан initial public offering) акциядорлик жамиятининг акцияларини бирламчи ошкора таклиф этиш деган маънони билдиради. Яъни у жамият томонидан акцияларни чекланмаган шахслар орасидаги дастлабки сотуви, дастлабки таклиф қилинишидир. IPO’ни ўтказишдан асосий мақсад корхонани ривожлантириш учун кенг доирадаги инвесторлардан капитал жалб этишдир.