Янги йил байрами олдидан анъанага кўра Microsoft асосчиси, миллиардер ва китобсевар Билл Гейтс ўзининг Gates Notes блогида 2021 йил давомида ўқиган ва энг кўп ёқтирган китоблари рўйхати билан ўртоқлашди. Улар орасида бир вақтнинг ўзида иккита илмий-фантастик роман бор.

Фото: «Gates Notes»

Гейтснинг сўзларига кўра, у бу жанрдаги адабиётга болалигиданоқ қизиқа бошлаган. Кейинчалик у Microsoft асосчиларидан бири Пол Аллен билан Айзек Азимов асарларини муҳокама қилиш учун сон-саноқсиз соатларни ўтказган. Вояга етгач эса Гейтс кўпроқ илмий-оммабоп адабиётларни ўқий бошлаган, бу унга ҳақиқий ҳаётни ўрганиш ва тушунишга ёрдам берганини айтади.

«Бу йил мутолаа рўйхатимда иккита ажойиб илмий фантастик китоб бор. Улардан бирининг воқеалари Қуёшдан деярли 12 ёруғлик йили узоқликда юз берса, иккинчиси эса айнан шу ерда, Қўшма Штатларда рўй беради. Бу китоблар мени одамлар турли муаммоларни ҳал қилиш учун технологиядан қандай фойдаланиш мумкинлиги ҳақида ўйлашга мажбур қилади», — деб ёзади Гейтс.

Қуйида эса у тавсия қиладиган 5 та китоб билан батафсил танишамиз.

Уолтер Айзексон — «Код бузувчи: Женнифер Дудна, генлар ва инсон келажагини таҳрирлаш»

Ўзбек китобхонларига ўзининг «Стив Жобс» ва «Инноваторлар» биографик асарлари билан таниш, Time журнали бош муҳаррири бу гал америкалик биокимёгар ва кимё бўйича Нобель мукофоти совриндори Женнифер Дудна ҳақида ҳикоя қилади. Дудна CRISPR-Cas9 геномини таҳрирлаш технологиясини яратган.

Бу технология миллиардлаб йиллар давомида бактерияларни агрессив вируслардан ҳимоя қилишга ёрдам берадиган механизмга асосланган.

Махсус оқсиллар ёрдамида бактериялар тажовузкор ДНКнинг бир қисмини «кесиб ташлайди», кейин эса уни аниқлаш ва йўқ қилиш учун ушбу намунадан фойдаланади. Бундан ташқари, кесилган бўлак бактерияларнинг авлодлари томонидан мерос бўлиб, уларда иммунитет ҳосил қилади. Женнифер Дудна ушбу «молекуляр қайчи» ёрдамида кўп ҳужайрали организмлар, жумладан, одамлар генларини таҳрирлаш ва кўплаб генетик касалликларнинг олдини олишда фойдаланиш мумкинлигини аниқлади. Гейтс CRISPR ген таҳрирлаш технологиясини сўнгги ўн йилликдаги энг зўр ва эҳтимол энг муҳим илмий ютуқлардан бири деб ҳисоблайди. Гейтс ва Мелинда фонди бу технологиядан фойдаланадиган бир қатор лойиҳаларни молиялаштиради.

Айзексон асарда генларни таҳрирлаш билан юзага келиши мумкин бўлган ижобий ва салбий оқибатларни кенг қамровда кўриб чиқади, бунинг ахлоқий жиҳатларига ва келажакка қанчалик хавф солиши мумкинлиги ҳақида ҳам қайғуради. Агар келажак технологиялари аллақачон ҳаётимизга кириб келганига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлсангиз, албатта, китобни ўқинг.

Жефф Хокинс — «Минглаб миялар: янги интеллект назарияси» (Jeff Hawkins «A Thousand Brains: A New Theory of Intelligence»)

Машҳур невролог ўз китобида мия ва сунъий интеллектнинг ишлаши ҳақида янги назарияни тақдим этади. Муаллиф дастлаб одамларнинг дунёни қандай идрок этиши, тафаккурнинг ўзи қандай шаклланишини батафсил тушунтириб беради. Хокинс таъкидлашича, биз дунёни бир бутун шаклда идрок қилмаймиз, балки кўплаб алоҳида моделларни умумлаштириб хулоса қиламиз. Билл Гейтснинг ёзишича, «Агар сиз ҳақиқий сунъий интеллектни яратиш учун нима қилиш кераклиги ҳақида кўпроқ маълумот олишни истасангиз, бу китоб ажойиб назарияларни тақдим этади. Хокинс ўнлаб йиллар давомида неврология ва машинали ўрганиш ўртасидаги боғлиқлик ҳақида ўйлаган ва унинг назариясини тушуниш учун бу китобдан яхшироқ қўлланма йўқ.»

Кадзуо Исигуро — «Клара ва Қуёш»

Гейтс рўйхатида яна бир Нобель мукофоти совриндори. Бироқ, бу сафар у китобнинг бош қаҳрамони эмас, балки унинг муаллифи. Асли япониялик британ ёзувчиси Исигуро романда Клара исмли андроид (одамсимон робот)нинг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Асар воқеалари келажакда рўй бериб, унда ота-оналар ўз фарзандлари учун андроид-роботларни «сунъий дўст» сифатида сотиб олиб беришади. Андроид Клара ҳам номаълум касалликка чалинган қизнинг оиласига тушиб қолади ва уни қутқаришга ҳаракат қилади. Клара қуёшга алоҳида ҳурмат билан ёндашарди ва у қизалоқни бу оғир дарддан халос этиши мумкин деб ҳисобларди. Клара бунинг учун нималарга қўл урганини билиш учун асарни ўқиб кўринг. Гейтс эса «Китоб мени ўта ақлли роботлар билан ҳаёт қандай кўриниши мумкинлиги ва биз уларга қандай муносабатда бўлишимиз лозимлиги ҳақида ўйлашга мажбур қилади: худди технологияларга бўлгани кабими ёки бундан устунроқ бирон одам тарзидами?» — деб ёзган.

Мэгги O’Фаррелл — «Ҳамнет»

Guardian, Financial Times, Literary Hub ва NPR томонидан 2020 йилнинг энг яхши китоби деб тан олинган асар. Инглиз ёзувчиси Шекспирнинг Гамлет қаҳрамони прототипига айланган, эрта вафот этган ўн бир ёшли фарзанди Ҳамнет ҳақида таъсирчан ҳикоя. Уильям Шекспирнинг ҳаётига ғайриоддий қараш. Бу асарда Шекспирнинг бўлажак рафиқаси билан танишувидан бошлаб, токи уларнинг оилавий муносабатлари ва буларнинг унинг асарларига таъсири ҳақида ўқиш мумкин. Ёзувчи ростдан ҳаёт бўлганми? Уни нималар илҳомлантирган? Оилавий ҳаёти қандай эди? Бу саволларнинг барчасига жавоб шу асарда бор. Гейтснинг ишончи комилки: «Агар сиз Шекспирнинг мухлиси бўлсангиз, унинг шахсий ҳаёти унинг энг машҳур пьесаларидан бирини ёзишга қандай таъсир қилгани ҳақидаги таъсирчан роман сизга, албатта, ёқиб қолади».

Энди Вейер – «Биби Марям» лойиҳаси

Бу америкалик ёзувчи ва дастурчи номи балки сизга нотаниш туюлаётгандир, аммо унинг «Марслик» асари ва у асосида суратга олинган фильм сизга яхшигина таниш. Бу асарда ҳам муаллиф яна космос мавзусига қўл уради.

Райланд Грейс космик кемада уйғонади. У исмини эслолмайди ва бу ерга қандай келиб қолганини ҳам билмайди. У фақат бир нарсани аниқ билади, у ухлаб қолган эди, энди эса уйғонди, ёнида эса икки мурда ётарди. Хотиралари элас-элас тиклана бошлайди. У бир вақтлар мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаганга ўхшайди, кейин эса.. кейин нима бўлди? Ва ниҳоят, воқеалар кетма-кетлигини тиклаб, Райланд ўзига ишониб топширилган вазифа — инсониятнинг йўқ бўлиб кетишининг олдини олиш эканлигини билиб қолади ва бундан даҳшатга тушади. Бу жуда қийин топшириқ бўлиб, у ҳеч қачон Ерга қайтмайди. Ёрдам кутишнинг ҳам имкони йўқ, ҳаммаси унинг ўзига боғлиқ. Гейтс «ўта қизиқарли» дея баҳолаган бу роман асосида фильм суратга олиш ҳуқуқини MGM кинокомпанияси қўлга киритди. Бош ролни эса Райан Гослинг ижро этиши режалаштирилган.

Юқоридагилар машҳур бизнесмен ва филантроп Билл Гейтснинг 2021 йил бўйича берган асарлар тавсияси эди. Марҳамат улардан ёққанларини мутолаа қилинг ва сиз ҳам асарлар ҳақидаги фикрингизни бошқалар билан ўртоқлашинг.