Деновдаги портлаш юз берган савдо мажмуаси бузиб ташланди
Сурхондарё вилояти Денов туманида 7 декабрь куни содир бўлган портлашдан сўнг «Indenim» савдо маркази бузиб ташланди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Маълум қилинишича, 8 декабрь куни туман ҳокимлигида ташкил этилган матбуот анжуманида ФВВ Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Ўлмас Музаффаров ҳодиса оқибатида савдо мажмуаси жойлашган бинонинг асосий юк кўтарувчи вертикал конструкциялари жойида тургани, фақатгина тўсувчи деворларига зиён етганини таъкидлаган.
«Савдо марказининг икки қаватли биноси ҳам сейсмик, ҳам ёнғин хавфсизлиги нуқтаи назардан мустаҳкам қилиб қурилган. Газ ва ҳаво чақнашидан сўнг ҳам унинг асосий юк кўтарувчи вертикал конструкциялари жойида турибди, тўсувчи деворларига зиён етган.
Айни пайтда ҳодиса жойида ишчи гуруҳ томонидан вилоят ҳокимлигининг кўмагида чақнаш натижасида яроқсиз ҳолга келган қурилиш конструкциялари чиқариб ташланмоқда. Бу ишларга асосан ФВВдан, ички ишлар органларидан, Миллий гвардия ва бошқа тегишли хизматлардан ҳарбий хизматчилар ва қутқарувчилар жалб этилган», — деган Музаффаров.
Бироқ матбуот анжуманида масъуллар савдо маркази қисқа фурсат ичида бузиб ташланиши кутилаётгани ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган. Воқеа жойидан юборилган видео ҳамда суратларда бинони бузиш ишлари 9 декабрь куни бошлангани, 10 декабрга келиб бино буткул бузиб ташлангани маълум бўлган.
Аввалроқ Сурхондарёдаги савдо мажмуасида портлаш содир бўлиб, шундан сўнг воқеа юзасидан қўшимча маълумот берилганди. Куннинг иккинчи ярмида эса портлашда ҳалок бўлганлар 2 нафарга етгани айтилган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқармаси эса портлаш юзасидан расмий видеобаёнот берган.