Жаҳон иқтисодиёти «омикрон» штами сабаб 5,3 триллион доллар йўқотиши мумкинлиги маълум қилинди. Бу ҳақда «The Globe and Mail» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Халқаро валюта жамғармаси катта иқтисодчиси Гита Гопинатнинг сўзларига кўра, коронавирус пандемияси шароитида жаҳон марказий банклари эндиликда «юмшоқ» пул–кредит сиёсатини давом эттира олмайди ва паст ставкани ушлаб туролмайди. «Коронавирус янги штамининг пайдо бўлиши муносабати билан жаҳон иқтисодиётида кузатиладиган йўқотишлар кутилганидан ҳам катта бўлиши мумкин», — дейди у.

Қайд этилишича, Халқаро валюта жамғармаси пандемиядан кўрилган умумий зарарни 12,5 триллион долларга баҳолаган. Жамғарма мутахассислари «дельта»дан кўра кўпроқ юқумли коронавирус штами пайдо бўлган тақдирда қанча зарар кўрилишини баҳолаш учун эса бошқа моделни ишлаб чиққан. «Ушбу моделга кўра, жаҳон иқтисодиёти яна 5,3 триллион доллар зарар кўради», — деди Гопинат.

Маълумот ўрнида, Африка мамлакатларида 2021 йил ноябрь ойида «омикрон» деб номланган янги коронавирус штами аниқланди. Маҳаллий олимларнинг фикрича, бу штамм коронавирусни қайта юқтириб олиш хавфини 3 баравар оширади.

Аввалроқ россиялик вирусолог «омикрон»нинг бошқа штамлардан фарқ қиладиган учта асосий аломатини айтганди. Шунингдек, коронавируснинг «омикрон» штами пандемия ривожига қандай таъсир қилиши маълум бўлганди.