Фарғонада ЙПХ ходими йўл қоидасини бузди — видео
Фарғона вилоятида ЙПХ ходими «Lacetti» русумли махсус транспорт воситасида йўл қоидасини бузди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, ушбу ҳолат вилоят Ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ўрганилганда 8–14 ноябрь кунлари ўтказилган «Хавфсиз ҳудуд» профилактик тадбир давомида содир этилгани маълум бўлган. «Lacetti» русумли 01572VSC давлат рақам белгили транспорт воситаси ҳайдовчиси, ЙПХ инспектори Марғилон шаҳар Баҳоуддин Марғилоний кўчасида йўл ҳаракати қоидаларининг 91-бандига амал қилмаган.
Шундан сўнг ҳайдовчисига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-6-моддаси билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
«Йўл ҳаракати қоидалари барча учун баробар эканини, юқоридаги каби ҳолатларга бефарқ бўлмаган фуқароларга Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ ўз миннатдорлигини билдиришини маълум қиламиз», дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкентда «ГАИ» ҳайдовчининг ҳужжатларини юзига отгани ҳақида хабар берилганди.