Охирги кунларнинг асосий мавзуси, шубҳасиз, Сурхондарёнинг Денов шаҳридаги портлашдир. Портлаш бўлганда ҳам даҳшатлиси. Расмий маълумотга кўра, бу ҳодиса газ чакнаши оқибатида келиб чиққан, лекин бошқаларнинг фикрича, оддий газ чақнашидан бу даражадаги портлаш келиб чиқмайди. Бахтсиз ҳодиса оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, ярадорлар кўп. Салкам 10 километр радиусгача таъсир қилган портлаш яқин атрофдаги биноларга жиддий зарар етказди. Хуллас, ҳаммаси даҳшат. Яқин тарихда бундай бахтсиз ҳодиса бўлмаган (Сардобани ҳисобга олмаса, албатта). «Bugun.uz» шу сабабли «Indenim» савдо мажмуаси портлаши атрофидаги воқеалар хронологиясини тайёрлади.

Портлаш (ёки «расмийчасига» айтганда, чақнаш)

Сурхондарё вилояти Денов шаҳри. 7 декабрь соат 03:57. Шаҳарнинг Мустақиллик кўчасида жойлашган 2 қаватли савдо биносида портлаш содир бўлди. Натижада бино деворлари қулаб тушди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бир неча километр радиусдаги бинолар ҳам жиддий зарар кўрди. Воқеа жойида юзага келган ёнғин ярим соатга яқин вақтда (аниқроғи, 28 дақиқада — 03:57 да бошланган ёнғин 04:25 да ўчирилган) бартараф этилди. Ҳодиса оқибатида 9 киши тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Мазкур воқеа шу даражада жиддий баҳоландики, ўша куннинг ўзида чақнаш содир бўлган жойга бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очил Раматов бошчилидаги ҳукумат комиссияси сафарбар этилди. Комиссия ҳозиргача воқеа жойида ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Шунингдек, 7 декабрь соат 10:22. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан расмий маълумот бериб, вайрона остида ярим соат олиб борилган қидирув-қутқарув ишларида бир кишининг жасади топилганини эълон қилди. Биринчи қурбон «есть». Орадан 2 соат ўтар-ўтмас яна бир қурбон топилгани маълум қилинди. Қурбонлар сони, ҳайриятки, ҳали бери кўпаймади. Кўпаймасин ҳам.

Ҳодисадан бир кун ўтиб, яъни 8 декабрь, чоршанба куни ФВВ Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Ўлмас Музаффаров ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Унинг таъкидлашича, «ҳавотирга ўрин йўқ» (қанийди, шундай бўлса), бунақа чақнаш ҳолатининг юз бериши, ҳозирги тахминга кўра, газ асбоб-ускуналарининг бузилиши оқибатида келиб чиққан. Оқибатда мажмуа атрофидаги бир нечта хонадонга ва ижтимоий соҳа объектларига, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига зарар етган. «Ҳозирда бахтсиз ҳодиса оқибатларини бартараф этиш борасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва тегишли идора-ташкилотлар ходимлари ишламоқда», — дея қўшимча қилган Ўлмас Музаффаров.

Бундан бироз вақт ўтиб, янаям батафсилроқ маълумот берилди. Воқеани ўрганаётган ҳукумат комиссияси вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилиб, воқеа тафсилотлари ва талафотлар бўйича жамоатчилик хабардор қилинди. Йиғилишда вилоят ҳокими Тўра Боболов иштирок этди, у қуйидаги маълумотларни ошкор қилди:

  • юз берган портлаш оқибатида (негадир кўп жойда «чақнаш» сўзи ишлатилган, «портлаш» ваҳималироқ туюлса керакда, ким билсин) бинонинг деворлари қулаб тушган (суратлардан кўриш мумкинки, устунларнинг ўзи қолган, холос);
  • 65 тадбиркорлик субьекти биноси ва хонадонга енгил зарар етган;
  • деразалар ойнаси синган. Олтита хонадон деворида ёриқлар пайдо бўлган;
  • ижтимоий тармоқларда тарқалган суратлар ҳаммаси ҳам мазкур портлашга оид эмас, Мустақиллик ва Шароф Рашидов кўчаларини кенгайтириб, ободонлаштириш учун бузилаётган уй-жойлар алоҳида масала;
  • зарар кўрганларнинг вақтинча яшаши учун 24 та хонадон ҳозирланди. Хонадони таьмирлангунча кўчиши лозим деб топилган етти оила кўчирилди.

Савдо мажмуаси портлаши юзасидан Бош прокуратура томонидан Жиноят кодексининг 257- (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) ва 259- (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«ПКП» — Портлашдан кейинги «портлаш»

Деновдаги портлашдан сўнг ижтимоий тармоқлар ҳам воқеа жойидан олинган сурат ва видеолар билан «портлади». Айрим блогерлар ва нашрлар ҳодиса содир бўлган жойга бориб, эксклюзив материаллар тайёрлади.

Юқорида бекорга «бир неча километр радиус» деб такрор-такрор ёзмадик. Ижтимоий тармоқларда ҳодиса жойидан 2 километр узоқда жойлашган офис кузатув камераларининг портлаш вақтидаги ёзуви пайдо бўлди. Қуйидаги видео лавҳада кучли портлаш овози ва унинг зарбидан офис эшиги очилиб кетганини кўриш мумкин.

Тармоқларда яна бир эътиборга молик видео пайдо бўлди. Лавҳани портлашдан жабрланганлар жойлаштирилган касалхона ходими тарқатган (аёлнинг гапларига эътибор берилса, у видеони алоҳида гуруҳ учун тасвирга олган). Унинг сўзларига кўра, 8 нафар бемордан (расмий манбаларда 9 киши жароҳатлангани айтилган) 3 нафарининг аҳволи оғир, уларнинг биттаси операцияда. «Тошкент текширув» ҳам бор.

Мазкур воқеани ёритишда «Дарё» нашри фаол бўлди, воқеа жойидан эксклюзив материаллар тайёрлади. Нашр воқеа юзасидан уюштирган Денов шаҳрида бўлиб ўтган масъуллар иштирокидаги матбуот брифингидан маълум қилишича, жабрланганларнинг 7 нафари ўша савдо мажмуасининг ишчилари бўлган, шунингдек, марказ қошидаги сомсахонанинг бир нафар, туман ҳокимлигининг бир нафар (ходимнинг мансаби, лавозими айтилмаган) ҳамда қўшни бинолардаги икки нафар ишчи жароҳат олган. Бундан ташқари, туман ҳокимлиги биноси зарар кўргани ҳам айтилган.

Интернет нашри воқеа гувоҳлари ва шу атрофда яшовчилар билан ҳам интервью уюштирган. Ҳодисанинг шахсан гувоҳи ва жабрланувчисига айланган Суҳроб Ҳожиқуловнинг маълум қилишича, унинг устига ойна синиқлари тушган ва бошига жароҳат етган. Нашр шунга таяниб, жароҳаланганларнинг сони расмий манбаларда айтилганидан кўпроқ эканини тахмин қилмоқда.

Савдо маркази яқинида яшовчи Суҳроқ Ҳожиқуловнинг сўзларига кўра, портлашдан кейин унинг уйи яроқсиз аҳволга келиб қолган. Шунингдек, бошқа фуқаронинг таъкидлашича, «бу аниқ уюштирилган».

«Дарё», бундан ташқари, воқеа оқибатида жароҳатланиб, Денов туман тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилганлар билан ҳам суҳбат қилган.

Улар билан суҳбатлашган савдо мажмуаси ишчиси Абдулла Дўлановнинг айтишича, “газ умуман чиқмаган, ҳиди чиқса, сезган бўлишарди”. Унинг таъкидлашича, мажмуада ишчилар учун ошхона бор эди, унда газ баллондан фойдаланилмасди. Аммо расмий маълумотларга кўра, нохуш ҳодиса газ асбоб-ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши оқибатида тўпланган газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида юз берган.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг ахборотида айтилишича, вилоят ҳокими Тўра Боболов фуқароларга ёрдам кўрсатиш ҳамда зарар оқибатларини бартараф этиш ишларини шахсан ўз назоратига олган.

Портлашдан кейинги аянчли ҳолат фото ва видеоларда

Фото: Telegram
Фото: Telegram
Кадр: Telegram
Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz
Фото: Telegram
Фото: Telegram
Фото: Telegram
Фото: Telegram / @militsiya_uzb
Фото: Telegram / @militsiya_uzb