Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «Тиббиёт қурилиш инжиниринг» давлат унитар корхонаси буюртмасига биноан Тошкент шаҳрида 140 ўринли Перинатал марказ ва 160 ўринли Она ва бола маркази қурилишининг иккинчи босқичи бажарилмоқда. 2021 йил учун тасдиқланган манзилли дастурга кўра, ушбу иккита объектнинг баҳоси 189,5 миллиард сўмни ташкил қилади. Объектлар тендерсиз, ҳукумат ҳужжати билан тақдим қилинган. Ушбу жараёнга «Davletovuz» эътибор қаратди.

Фото: «Bugun.uz»

Буюртмани «Eco House-Group» МЧЖ амалга оширмоқда. 2018 йилда очилган мазкур компания бундан олдин «Whitecity Construction», «Renaissance Company» каби номларда ҳам фаолият юритиб кўрган. Компания анча машҳур. Тошкент ва Сирдарёда кўп қаватли уйлар қуриб келади.

Компания, шунингдек, Зангиота туманида «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини барпо этишда ҳам бош пудратчи сифатида тендерсиз жалб қилинган, бир вақтнинг ўзида лойиҳалаш ва қуриш ишларига рухсат берилган. Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 50 миллион доллар ажратиш кўзда тутилган. Компания аллақачон 213,5 миллиард сўмлик пудрат шартномасини тузиб, иш олиб бормоқда.

Худди шу компания 2020 йилда Мирзо Улуғбек туманидаги Геология фанлари университети бино ва иншоотларини реконструкция қилиш бўйича 357,6 миллиард сўмлик пудрат шартномасига эга эди. Бу объектни ҳам тендерсиз ҳукумати ҳужжати билан олган.

Юридик шахслар реестрига кўра, «Eco House-Group» МЧЖнинг 82,40 фоиз улуши Асатов Нодиржон Худойберди ўғлига, 17,6 фоизи эса Мирвохитов Мирсаид Мирфатух ўғлига тегишли. 2020 йилнинг ўрталаригача компаниянинг 40 фоиз улуши Исраилов Исмаилга тегишли эди. (Ўзаро алоқадорлик бўйича батафсил). Кейинчалик у ўз улушини юқоридаги шахсларга ўтказган. «Whitecity Construction» бренди Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тўлиқ эгалик қиладиган «J-United Group» МЧЖга тегишли.