Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонга мамлакатда кичик ва ўрта бизнес учун қулай муҳитни яхшилаш бўйича ислоҳотларни амалга оширишга ёрдам бериш мақсадида 100 миллион доллар миқдорида кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «pk.mashable.com»

Маълум қилинишича, кредит ОТБ кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш дастурининг биринчи кичик дастурини молиялаштиради ва ўзбек сўмидаги 20 миллион доллар эквивалентни ўз ичига олади.

«Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини жадаллаштиришда давом этмоқда, кичик ва ўрта корхоналар мамлакатда иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Ушбу дастур ОТБнинг Ўзбекистондаги кичик ва ўрта корхоналарни кўп йиллик қўллаб-қувватлашига асосланади ва ушбу корхоналар учун қулай муҳитни яхшилашга ёрдам беради ҳамда уларнинг хусусий сектор етакчилигидаги диверсификацияланган ўсиш двигателига айланишига кўмаклашади», — дейди ОТБнинг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича бош директори Евгений Жуков.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда кичик ва ўрта бизнес ялпи ички маҳсулотнинг ярмидан кўпроғини ҳамда расмий ва норасмий иш ўринларининг учдан икки қисмини ташкил қилади. Коронавирус пандемиясидан, айниқса, туризмда кўпчилик зарар кўрган бўлса-да, деярли ярим миллион кичик ва ўрта корхоналар фаол ишламоқда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон 1995 йилда ОТБга аъзо бўлганидан бери банк мамлакат тараққиётини қўллаб-қувватлаш учун 10 миллиард доллардан ортиқ кредит, грантлар ва техник ёрдам ажратган.

Аввалроқ Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистонда рақобатбардош молиявий бозорлар учун қулай муҳит яратиш ҳамда бу борадаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 100 миллион долларлик кредит ажратганди. Шунингдек, банк Ўзбекистонга хусусий инвестицияларни жалб қилишда кўмаклашиши ҳақида хабар берилганди.