Янгиликлар - 11:21 · 10.12.2021

Қирғизистон собиқ президентининг укаси тергов ҳибсхонасидан озод қилинди

Қирғизистон собиқ президенти Сооронбай Жээнбековнинг укаси — собиқ спикер Асилбек Жээнбеков коррупцияда гумон қилиниб сақланаётган Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов ҳибсхонасидан озод қилинди. Бу ҳақда мамлакат Олий суди «ТАСС»га хабар берди.

Фото: «Today.kg»

Маълум қилинишича, Асилбек Жээнбеков билан бирга Жўқорғи кенгаш депутати Торобай Зулпукаров ҳам озод қилинган.

«Бишкек шаҳар Первомайский туман судининг 2021 йил 9 декабрдаги ажримига асосан А.С. Жээнбековга нисбатан илгари танланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилинди ва у суд залида қамоқдан озод қилинди», — дейилади хабарда Зулпукаровга нисбатан ҳам шундай ҳукм чиқарилгани қўшимча қилинган ҳолда.

Маълум қилинишича, Жээнбеков ва Зулпукаров 2021 йилнинг ёзида «Қумтор» олтин конини ўзлаштириш билан боғлиқ коррупцияга алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинган. Бу ишда яна бир қанча собиқ юқори мартабали амалдорлар, жумладан, собиқ бош вазирлар — Темир Сариев ва Жоомарт Оторбоев ҳам алоқадорлиги айтилган. Ноябрь ойи охирида Бош прокуратура депутатлик дахлсизлигига эга бўлган Жээнбеков ва Зулпукаровни жиноий жавобгарликка тортишга розилик сўраб, парламентга расман мурожаат қилган. Бу масалани кўриб чиқиш учун депутатлар махсус комиссия тузган.

Аввалроқ Қирғизистоннинг собиқ президенти Сооронбой Жээнбеков Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сўроқ қилингани маълум бўлганди. Шунингдек, Қирғизистон солиқ хизмати мамлакатнинг собиқ президенти Сооронбай Жээнбековнинг даромад ва харажатлари тўғрисидаги декларациясини тақдим этганди.