Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 10 декабрь кунги йиғилиши соат 11:00 да жонли эфирдан узиб қўйилди. Қуйи палата матбуот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси жонли эфирда узатилиши керак эди. Қайд этилишича, Қуйи палатанинг мажлиси 48 дақиқа эфирга узатилган ва бунга Telegram’даги «Davletovuz» каналида қуйидагича муносабат билдирилган:

«Парламент Қуйи палатасининг ялпи мажлиси тўғридан-тўғри эфирга бор-йўғи 48 минут кетди. Унда бирор-бир масала кўрилмади, балки баландпарвоз гаплар, пахталар янгради. Гимн мақталди, инсон ҳуқуқлари мақталди, коррупция мақталди ва 48:48 дақиқада эфир узилди. Телеканалда кетмаса, интернетда кетавериши керак эди, аммо ундай бўлмади.

Ваҳоланки, депутатлар жиддий масалаларни кўриши керак эди. Масалан, давлат органлари шаффофлигини таъминлашда жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича парламент сўровига молия вазири Тимур Ишметов жавоби, ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳақида яна фильтрланган ахборот ўқишга мажбур бўламиз. Парламент Президент фармонини ижро этмаяпти. Депутатлар сайловчиларни алдаяпти», дейилади хабарда.

Шунингдек, мажлиснинг эфирга узатилиши қисқа вақт ичида тўхтатилганига палата ахборот хизмати қуйидаги изоҳ берган:

«‘Uzreport’ телеканали аввалдан режалаштирилган бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатини соат 11:00 дан бошлаб эфирга узатиш мақсадида Қуйи палата мажлиси эфири тўхтатилган. Палата мамлакатимизда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини маълум қилади».

Шу билан бирга, ушбу мавзу тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Хусусан, «Davletovuz» каналида Қуйи палата томонидан Президент фармони ижро этилмаётгани айтилган.

«Президент фармонини ижро этмаётган парламент Қуйи палатаси айбни ‘UzReport’га тўнкабди. Боз устига, бу канал хусусий бўлса. Ваҳоланки, Президент фармонида аниқ ёзилган. Бу ишни МТРК қилиши керак. МТРК ва депутатлар Президент фармонини ижро этмаяпти. Дарвоқе, депутатлар келгуси йил бюджетдан 238 миллиард, МТРК 561 миллиард сўм оляпти», дейилади каналда.

Кадр: Telegram/ @Davletovuz

Қолаверса, блогер Нурбек Алимов ўзининг Telegram каналида «Uzreport» канали парламент билан пулли шартнома қилган бўлса, эфирга узатилиши кераклигини таъкидлаган.

«Парламент ‘Uzreport’ телеканали аввалдан режалаштирилган бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатини соат 11:00 дан бошлаб эфирга узатиш мақсадида Қуйи палата мажлисини эфирга узатишни тўхтатганини маълум қилибди. ‘Uzreport’ ТВ томонидан эфирга узатилаётган кўрсатувлар, жонли эфирларни қачон эфирга бериш ва қачон тугатиши бу телеканалнинг ички сиёсати саналади. Чунки бу — хусусий канал. Лекин парламент билан ҳам ‘соққа’ асосида шартнома қилинган бўлса, бундай бўлмаслиги керак эди, назаримда», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Қонунчилик палатаси йиғилишлари 3 декабрдан бошлаб телеканалда жонли эфирга узатила бошланган. Шу кунги мажлисда таълим кредити, органик моддалар, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмолини чеклашга оид қонун лойиҳалари муҳокама қилинган.