Россияда мигрантлар дуч келаётган 3 та асосий муаммо маълум бўлди

Россия Мигрантлар федерацияси президенти Вадим Коженов «Россия федерациясининг 2021 йилдаги миграция соҳаси: натижа, муаммолар, ечимлар» тақдимотида мигрантларнинг мамлакат бўйлаб дуч келаётган 3 асосий муаммони маълум қилди. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Қайд этилишича, ушбу маълумот Марказий Осиё давлатларидан борган 4739 нафар мигрант иштирок этган тадқиқот натижасига асосланган.

«Мигрантлар дуч келадиган муаммоларнинг энг биринчиси тиббий хизматлардан фойдаланишдир. Тадқиқотда қатнашган мигрантларнинг 35 фоизи айнан шу муаммони қайд этган. Кейинги муаммо уй-жой, навбатдагиси эса турли органлардаги пора олиш ҳолатлари билан боғлиқ. Мана шулар учта асосий муаммо», — дея очиқлаган Коженов.

Шунингдек, тадқиқот натижаси Россияда мигрантлар ойига ўртача қанча маош олишини ҳам кўрсатди. Унга кўра, ўртача бир ишчи 47 минг рублдан бироз кўпроқ топади. Мигрантлар олишни хоҳлайдиган даромад эса 77 минг рублни ташкил қилади.

Таъкидланишича, рус тилини билиш янги келганларга уни ёмон биладиганларга қараганда ўртача 35 фоиз кўпроқ даромад олиш имконини беради, бу мос равишда 49 минг ва 37 минг рублни ташкил этади.

Аввалроқ Россия Ички ишлар вазирлиги хорижий мигрантларга мурожаат қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Россияда мигрантлар учун мамлакатда бўлишнинг 3 та асосий мақоми жорий қилиниши айтилган.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз