«Толибон» ҳаракати мунтазам қуролли кучларни шакллантириш учун 20 кишидан иборат махсус комиссия тузди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: «Daily Sabah»

Маълум қилинишича, Мудофаа вазирлиги раҳбарлигида Афғонистон миллий армиясини шакллантириш бўйича фойдали ва самарали режа тақдим қилиш учун расман 20 кишидан иборат ишчи қўмита ташкил этилган.

«Ушбу 20 кишидан иборат қўмита хавфсизлик ва тинчликни таъминлаш учун ҳукумат ва исломий тизим эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда Мудофаа вазирлиги таркибида фидойи, интизомли, жиҳозланган, ҳалол ва масъулиятли армияни имкон қадар тезроқ шакллантиришни ташкил этиш учун масъулдир», дейилади хабарда.

Матбуот марказининг хабар беришича, 9 декабрь куни мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мудофаа вазирлиги раҳбариятининг биринчи йиғилишини ўтказган, унда армия корпуси қўмондонлари иштирок этган.

«Мудофаа вазирлиги раҳбари корпус раҳбариятининг ишларни жадаллаштириш, бригада ва ҳарбий қисмларни шакллантиришни фаоллаштириш, чегарани назорат қилиш ва қўриқлаш, хавфсизликни янада илғор усуллар билан таъминлаш бўйича ҳисобот ва таклифиларни эшитиб, зарур кўрсатмалар берди», дейилади хабарда.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Афғонистонда мунтазам армия тузиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати сафида 80 минг жангчи борлиги маълум қилинганди.