Янгиликлар - 10:32 · 10.12.2021

Туркманистон президенти 5 кундан буён омма олдига чиқмаяпти

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов 3 декабрь — анъанавий жума кунги Вазирлар Маҳкамаси йиғилишини ўтказганидан буён омма олдига чиқмагани маълум бўлди. Бу ҳақда «Хроника Туркменистана» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Нашрнинг ёзишича, Бердимуҳамедов ҳафтанинг ҳар душанба куни Ашхобод мэри ва вилоятлар раҳбарлари билан учрашув ўтказади, бироқ 6 декабрь куни учрашув бўлиб ўтмаган. Расмий ОАВ ҳам президентнинг қаерда экани ҳақида ҳозирча маълумот бермаган. Фақат «Turkmenistan Today» агентлиги 8 декабрь куни Бердимуҳамедов Олаф Шольцни Германия федерал канцлери этиб сайлангани билан табриклагани ҳақида хабар берган.

Қайд этилишича, Туркманистон раҳбарининг журналистлар назаридан ғойиб бўлиши билан боғлиқ бундай ҳолат биринчи марта эмас. Хусусан, 2020 йилнинг баҳорида отаси Мяликгули Бердимуҳамедов вафотидан сўнг президент бир ҳафта давомида омма олдига чиқмаган, ўшанда асосий эътибор унинг ўғли Сердар Бердимуҳамедовга қаратилган. 2019 йил июль ойида ҳам худди шундай ҳолат юз берган.

Ўшанда «Erkin Turkmenistan» («Эркин Туркманистон») YouTube канали ва Евроосиё муаммоларини мониторинг қилиш бўйича Россия маркази директори Аслан Рубаев Бердимуҳамедовнинг вафот этгани ҳақида хабар тарқатган. Бир неча кундан кейин эса маҳаллий телевидениеда президент билан учрашувдан репортаж намойиш этилган, аммо репортаж давомида давлат раҳбарининг май ойидаги репортажлардан биридагидек кийингани видеонинг янгилигига шубҳа уйғотган ва фақат август ойининг бошида давлат раҳбарининг муддатидан олдин тўхтатган таътили ҳақида тўлиқ репортаж эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ҳам бир ой давомида оммага кўриниш бермагани ҳақида хабар берилган, кейинроқ оммага 1 ой ичида биринчи марта кўриниш берган етакчи «Daily Mail» нашри томонидан Гитлер ҳамда Сталинга ўхшатилганди. Маълум қилинишича, Ким Чен Ин омма олдига Учинчи Рейх етакчилари, хусусан, Адольф Гитлер кийган қора чарм плашда чиққан.

Буюк британиялик  журналистларнинг «The Times» газетасида чоп этилган суриштируви натижасида эса оммага кўринмай қолган Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин нималар билан шуғуллангани маълум бўлганди. Унга кўра, Ким Чен Ин кўринмай қолган пайтида иккита янги сайёҳлик йўналиши концепциясини ўрганган. Бундан ташқари, бутилкалар, юк кемалари, компания логотиплари ва мактаб формаларининг янгича кўринишини ишлаб чиққан. Қайд этилишича, журналистлар ушбу маълумотларни тасдиқлаш учун Ким Чен Иннинг Пхеньяндаги саноат дизайн кўргазмасида дафтар билан тасвирланган янги фотосуратларига таянган. Журналистлар кўргазмадан олинган бу фотосуратларни таҳлил қилиб, мамлакат раҳбари камида 25 кун давомида иштирокчиларнинг 110 дан ортиқ ишини ўрганганини аниқлаган.

Аввалроқ Туркманистон президентининг рафиқаси 15 йил ичида биринчи марта кўриниш берганди. Шунингдек, Туркманистонда президент шарафига 2022 йил шиори танланганди.