Андижонда 4 декабрь куни давлат университети биносининг 4-қаватидан аёл тушиб кетгани ҳақида хабар қилинганди. Маълум қилинишича, у воқеадан 5 кун ўтиб вафот этган.

Фото: Андижон давлат университети матбуот хизмати

Университетнинг 1000 ўринли биноси 4-қаватидан аёл киши эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетган. Шу куни ижтимоий-иқтисодиёт факультети талабалари ота-оналари учун мажлис ўтказилган. Йиғилиш университетнинг 4-қаватида жойлашган кичик мажлислар залида бўлиб ўтган. Унда иштирок этган талабалардан бирининг келинойиси йиғилиш бўлаётган вақтда телефон бўлиб қолгани сабабли йиғилишдан чиқиб, телефонда суҳбатлашаётган вақтида тушиб кетган.

Шунингдек, у қурилиш бўлаётган ҳудудни англатувчи тўсиқларга эътибор бермай зинапояга чиқиши оқибатида тушиб кетгани айтилган. «Daryo»нинг қайд этишича, жабрланувчи аёл 9 декабрь куни вафот этган.

Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Андижон вилояти филиали реанимация бўлимида ишловчи ходимлардан бири ушбу маълумотни тасдиқлаган. Таъкидланишича, аёл оғир тан жароҳатлари оқибатида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай вафот этган.