Янгиликлар - 17:10 · 11.12.2021

Асака ҳокими фуқаро билан қўлини чўнтакка солиб гаплашди. Видеони Telegram’га юклаган ходим жазоланди

Андижон вилояти Асака тумани ҳокими Мансур Алихонов 9 декабрь куни кўп қаватли уйларда фуқаролар билан суҳбати давомида қўлини чўнтагига солиб гаплашгани ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди. Ҳокимлик матбуот хизматининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, ўша куни ҳаво совуқ бўлгани учун ҳоким шу ҳолатда мулоқот қилган.

Кадр: Telegram

Хабарга кўра, тарқалган видеолар Қадрият маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида Асака тумани ҳокими бошчилигида туман ҳокимининг ўринбосарлари ва соҳага алоқадор ташкилотлар раҳбарлари учрашуви жараёнида олинган.

Шу куни туман ҳокими ва масъуллар маҳалла фуқаролар йиғинидаги 8, 10, 12, 14, 30, 36, 37, 38, 39, 40, 41 ҳамда 42-кўп қаватли уйларда бўлиб, аҳоли вакиллари билан учрашган. Жараён онлайн тарзда туман ҳокимлигининг расмий Telegram каналида бериб борилган ва мухокамларга сабаб бўлган видео эътиборсизлик туфайли жойланган. Бўлиб ўтган ҳолат юзасидан масъул ходимларга нисбатан тушунтириш ишлари олиб борилган ва белгиланган тартибда чора кўрилган.

«Эътиборли бўлганингиз ва бизни кузатиб бораётганингиздан мамнунмиз! Сизларни тумандаги олиб борилаётган ишлардан, туман ҳокимининг фаолияти ва янгиликлардан хабардор қилишдан хурсандмиз», деб якунланган муносабат.

Аввалроқ Миришкор тумани ҳокими Бахтиёр Ражабов уятли сўзлар билан қўл остидаги ҳамда йиғилишда иштирок этган шахсларни ҳақорат қилгани ҳақида хабар берилганди.