Ўзбекистон Brexit жараёнидан сўнг Буюк Британиянинг GSP дастурига қўшилган илк давлат бўлди. Британиянинг Ўзбекистонга берган имтиёзлари нимани англатади? GSP дастури нима? «Bugun.uz» журналисти Алишер Рўзиохунов Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Аваз Маҳмудов билан шу мавзуда суҳбатлашди.

Фото: «Bugun.uz»

Вазирлик вакили Аваз Маҳмудовнинг маълумот беришича, GSP тизими инглизчадан таржима қилинганда (general system of preferences) «имтиёзлар бош тизими» деган маънони англатади. Мутахассиснинг таъкидлашича, бу ривожланган мамлакатлар томонидан ривожланаётган мамлакатларнинг савдо ҳажмини ошириш учун жорий этиладиган тизим ҳисобланади. Имтиёз берилган мамлакатлардан олиб келинган маҳсулотларга нисбатан божлар бекор қилинади. Лекин имтиёз қўллашнинг алоҳида тартиб ва қоидаси мавжуд.

Аваз Маҳмудов интервью давомида ҳар бир бозорга киришда тарифлар (божлар)дан ташқари нотариф талаблар ҳам борлигини айтиб ўтган. Буларга стандартлаштириш, техник ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида фитосанитар ва ветеринар талаблар киради. Корхоналарнинг бу талабларга жавоб беришини тасдиқлаш учун дунёда бир нечта турдаги сертификатлар ишлатилади. Бундай сертификатларнинг энг кенг тарқалганларидан бири — қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича бериладиган Global GAP сертификати ҳисобланади.

Маълумот учун, Global GAP қишлоқ ҳўжалиги корхоналарининг маҳсулотларини кафолатлаш дастури ҳисобланади. Тизим дастлаб EurepGAP номи билан ишга туширилган бўлиб, 1990-йилларнинг охирида Европанинг бир қанча супермаркет тармоқлари ва уларнинг йирик етказиб берувчилари томонидан яратилган фермер хўжалигини бошқариш амалиётининг умумий стандарти саналади. GAP атамаси яхши қишлоқ хўжалиги амалиёти деган маънони англатади. Мазкур тизим ҳозирда дунёдаги энг кенг тарқалган фермер хўжаликларини сертификатлаш тузилмаси хисобланади. Европада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун кўпчилик мижозлар бизнес юритиш учун зарурий шарт сифатида EurepGAP сертификатини талаб қилади.

Бошқа фермер хўжаликларини сертификатлаш схемаларидан фарқли равишда унда ишлаб чиқарувчилар риоя қилишлари керак бўлган аниқ қоидалар мавжуд ва ҳар бир ишлаб чиқариш бирлиги мустақил учинчи томон аудиторлари томонидан баҳоланади. Ушбу аудиторлар EurepGAP котибияти томонидан аудит ўтказиш ва муносиб тақдирда сертификатлар бериш учун лицензияга эга бўлган тижорат сертификатлаш компанияларида ишлайди. 2007 йил сентябрь ойида EurepGAP ўз номини Global GAP’га ўзгартирган.

Қайд этилишича, Ўзбекистонга берилган имтиёз 7800 та товар позициясига божларни бекор қилишни назарда тутади. Аваз Маҳмудов мазкур имтиёзлар маҳаллий тадбиркорлар учун катта имконият эканини айтган. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон экспорти таркибидаги улуши бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари хизматлардан кейин иккинчи ўринда туради (9,5 фоиз).

Таъкидланишича, имтиёз фақат Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган товарлар учун татбиқ этилади. Чет давлатларида ўзбекистонлик тадбиркорларга тегишли корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларга нисбатан эса имтиёз берилмайди. Бундай тизим Швейцария, Япония, АҚШ, Норвегия ва Канада каби мамлакатларда хам мавжуд. Вазирлик мутахассиси суҳбат давомида ўзбекистонлик тадбиркорлардан аксариятининг Британияда ваколатхоналари ва савдо уйлари мавжуд эмаслиги, бу масала бўйича уларга қандай ёрдам берилиши бўйича саволга ҳам жавоб берган.

Аваз Маҳмудовнинг айтишича, вазирлик тизимида Экспортни рағбатлантириш агентлиги мавжуд. Унга кўра, агентлик маҳсулот экспорт қилиш жараёнида сертификатлар ва хулосалар олишда ёрдам берадиган, тадбиркорларнинг бу жараёндаги харажатларини қоплаб берадиган механизм жорий этилган. Бундан ташқари, маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт харажатларини компенсация қилиш ҳам йўлга қўйилган. Мутахассиснинг таъкидлашича, экспорт билан шуғулланувчи корхоналарнинг чет элда савдо уйларини очиш жараёнида ҳам харажатларнинг маълум қисми давлат томонидан қоплаб берилади.

Аввалроқ Ўзбекистон ЕИ бозоридан ҳам тўлиқ фойдаланиш имконини берадиган тизимга қўшилгани хабар қилинганди.