Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ҳокимлар яна «темада»: Асака ҳокими фуқаро билан қўлини чўнтакка солиб гаплашди. Видеони Telegram’га юклаган ходим жазоланди.

Андижон вилояти Асака тумани ҳокими Мансур Алихонов 9 декабрь куни кўп қаватли уйларда фуқаролар билан суҳбати давомида қўлини чўнтагига солиб гаплашгани ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди. Ҳокимнинг ушбу видеодаги ҳаракатларига нисбатан «ноодатий» сўзини ишлатишга бироз ўйландик ва якунда ундан фойдаланмасликка қарор қилдик — биз ҳам жазога тортилишни истамадик. Шу сабабли расмий изоҳ олиш учун ҳокимлик матбуот хизмати билан боғландик.

Ҳокимлик матбуот хизматининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, ўша куни ҳаво совуқ бўлгани учун ҳоким шу ҳолатда мулоқот қилган. Шундай қилиб, совуқ об-ҳаво ҳокимнинг гап сўзларига ҳам таъсир қилишини билиб олдик (балки у ҳоким бўлган туманларда қишдан бошқа фасл бўлмас?!).

Тарқалган видео Қадрият маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларда куз-қиш мавсумини беталафот (ҳокимлик учун мана шу видео ягона «талафот» бўлса керак) ўтказиш мақсадида Асака тумани ҳокими бошчилигида туман ҳокимининг ўринбосарлари ва соҳага алоқадор ташкилотлар раҳбарлари учрашуви жараёнида олинган. У онлайн тарзда туман ҳокимлигининг расмий Telegram каналида бериб борилган ва муҳокамларга сабаб бўлган видео эътиборсизлик туфайли жойланган. Бўлиб ўтган ҳолат юзасидан масъул ходимларга нисбатан тушунтириш ишлари олиб борилган ва белгиланган тартибда чора кўрилган.

Шунчаки маълумот учун, 9 декабрь куни Андижонда ҳаво ҳарорати кундузи 12 даража илиқ бўлган, кечаси эса -2 даражагача тушган.

Скрин: «AccuWeather»

Қадрли асакаликлар, агар энди ҳоким ёнингизга бориб, шундай ҳолатда гаплашса, тўғри тушунинг, у ҳам одам — у ҳам совқатади. Сизнинг уйингизда бўлмаган газ уникида ҳам бўлмаслиги мумкин (янаям, аниқмас). Яхшиси, ҳоким билан ҳаво иссиқ пайтлари гаплашинг, лекин ундай об-ҳаво қачон келишини билмаймиз.

Ҳокимлик ахборотида айтилганидек, эътиборли бўлганингиз ва бизни кузатиб бораётганингиздан мамнунмиз!

Андижондан яна бир муҳокамабоп видео тарқалди. Буниси ўқитувчи иштирокида. Избоскан туманидаги мактабда муаллим ўқувчилар олдида номақбул сўз ишлатди.

«Бугун оқшоми» рукни муаллифи яхши кўрган ибора бор: «Табибнинг ўзи касал». Энди унинг ёнига яна бири қўшилди — «Қуш инида кўрганини қилади». Бу гап икки ҳолатда ҳам, икки (юқоридаги) хабарга ҳам тушади.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби 10 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Избоскан туманидаги 3-мактаб ўқитувчиси ўқувчиларнинг тадбирга тайёргарлик жараёнида номақбул сўзлар ишлатгани туширилган видеохабар юзасидан маълумот берди.

Мазкур ҳолат 7 декабрь куни синфда бўлиб ўтиши режалаштирилган маданий тадбирга тайёрлаш жараёнида содир бўлган. Бошланғич синф ўқитувчиси видеотасвирга олиш вақтида уяли алоқа воситасининг қуввати тугаш сигналини бергани туфайли ноўрин сўзларни ишлатиб юборган.

Юқоридаги хабарда содир бўлган ҳолат бу видеони тарқатган билан ҳам, уни тасвирга туширган билан ҳам содир бўлмади (яъни жазоланмади), чунки иккиси ҳам бир одам. Ўқитувчисидан «Ҳа, ҳароми, ифлос. Ҳорам ит» каби сўзларни эшитган ўқувчиларнинг аҳволини тасаввур қилаверинг.

Мажлисбозлик (яна) бир кишининг бошига етди. Андижондаги университетнинг 4-қаватидан тушиб кетган аёл шифохонада вафот этди.

Андижонда 4 декабрь куни давлат университети биносининг 4-қаватидан ота-оналар мажлисига келган аёл тушиб кетганди. Воқеадан беш кун ўтиб аёл шифохонада вафот этди.

Фото: Андижон давлат университети матбуот хизмати

Қурилиш бўлаётган ҳудудни англатувчи тўсиқларга эътибор бермай зинапояга чиқиши оқибатида тушиб кетган аёл (талабанинг келинойиси) оғир тан жароҳатлари оқибатида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай 9 декабрь куни вафот этган.

Дайжестда кетма-кет Андижон ҳақида 3 та негатив хабар беришдан бироз виждонимиз қийналди. Ва ундан-да баттар қийналиб позитив хабар топдик. Мана улар:

  • Андижон шаҳридаги барча Янги йил савдо ярмаркалари 11 декабрдан иш бошлайди;
  • Шаҳрихон туманида иккита боғча фойдаланишга топширилди;
  • Журналистлар ижодий уюшмаси Андижон вилояти бўлимига Махпура Ортиқова раис этиб сайланди. Бу уюшма тарихида илк бор аёл раис сайланиши ҳисобланади.

АҚШ ташқи ишлар вазири ўринбосари 11–16 декабрь кунлари Ўзбекистонга келади.

АҚШ ташқи ишлар вазирининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу 2021 йилнинг 11–16 декабрь кунлари Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташриф буюриши маълум қилинди.

Фото: «Raajje.mv»

АҚШ делегацияси таркибида АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Кара МакДональд ва давлат департаментининг бошқа расмийлари ҳам бўлади. Делегация АҚШ–Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқотида иштирок этади ва юқори мартабали ҳукумат вакиллари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади. Дональд Лу ва Кара МакДональд фуқаролик жамияти вакиллари билан ҳам кўришади.

Қисқа хабарлар пунктларда:

  • Тошкент ирригация институти университетга айлантирилди;
  • Ўзбекистон Афғонистон билан авиа алоқаларни тикламоқда. Кобул–Тошкент ўртасидаги авиақатновлар 14 декабрдан бошлаб доимий йўлга қўйилади;
  • Тошкентдаги Қўйлиқ бозори кўчирилаётган Food City кимга тегишли? Журналистик суриштирув.

Украина чегарачилари Россия рамзлари туширилган кийимда келган Ўзбекистон фуқаросини мамлакатга киритмади.

Киевнинг «Борисполь» аэропорти чегарачилари Россия рамзлари туширилган кийимда келган Ўзбекистон фуқаросини Украинага киритмади.

Фото: «Reuters»

«Саёҳатчининг кийимида тажовузкор давлат байроғи ва герби тасвирлари ҳамда ‘Russian national teamʼ (Россия терма жамоаси) ёзуви бўлган. Ўзбекистон фуқароси текширувдан ўтказиш учун идорага таклиф қилинган, кейинроқ унинг ўзи ҳам мос бўлмаган кийим кийинганини англаб етган ва барча украиналиклардан узр сўраган. Аммо бу хорижликка Украина киришига ёрдам бермади, чунки чегара назорати вақтида у мамлакатга келиш мақсадини аниқ айта олмади», дейилади хабарда.

Эркак текширув давомида Украинага фермер хўжалиги учун трактор сотиб олиш мақсадида келганини айтган. Аммо сўров давомида у ўзининг фермер хўжалиги ҳақида, кимдан ва қандай трактор сотиб олмоқчилигини маълум қила олмаган.

Камига у эркакда нафақат қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш, балки меҳмонхонани бронь қилиш учун ҳам пули йўқлиги, юкининг сиғими эса Украинада қолиш режалаштирилган муддатидан сезиларли даражада ошиб кетгани маълум бўлган. Охир-оқибат у қайтиш рейси билан Тошкентга учиб кетган.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов ушбу ҳолатга атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.