Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш давлатнинг асосий функцияларидан деб қаралади. Шундан келиб чиққан ҳолда охирги йилларда аҳолининг моддий эҳтиёжманд қисми, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қанча ўзгаришлар амалга оширилди. Қонунчиликда «кам таъминланган оила» тушунчасига қандай таъриф берилган? Кам таъминланганлар, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир аҳолига бериладиган ижтимоий ёрдамнинг қандай турлари мавжуд? «Bugun.uz» колумнисти Комрон Комилов қуйида мазкур масалалар тўғрисида тўхталади.

Фото: «Bugun.uz»

Кам таъминланганлик

Ўзбекистонда аҳолининг моддий кўмакка муҳтож қатламини кам таъминланган деб аташ, уларнинг ижтимоий ҳимояси учун давлат томонидан олиб бориладиган ишлар анча йиллардан бери давом этиб келади. Шу вақтгача Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан қабул қилинган «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тўлаш тартиби тўғрисида»ги низоми билан ушбу муносабатлар тартибга солиниб келган. Бироқ яқингача қонунчиликда кам таъминланган оила тушунчаси, унинг шартлари аниқ белгиланмаган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилнинг 21 октябрь санасидаги 654-сонли «Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида оилани кам таъминланган деб топишнинг асосий мезонлари ўрнатилди. Унга кўра оила:

  • 2021 йилнинг 1 сентябридан — оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад 440 минг сўмдан ошмаганда;
  • 2022 йилдан бошлаб — оиланинг ҳар бир аъзосига жами бир ойлик ўртача даромад минимал истеъмол харажатлари миқдоридан ошмаганда кам таъминланган деб эътироф этилади.

Ижтимоий ҳимоя ягона реестри

Соҳадаги муҳим ўзгариш сифатида давлатнинг ижтимоий ҳимоя бўйича сиёсатига рақамлашувнинг жорий этилишини айтиш мумкин. Жумладан, Президентнинг жорий йилдаги 6277-сонли фармони билан 2021 йил 1 октябрдан бошлаб, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» (кейинги ўринларда «Ягона реестр») ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар манфаатдор вазирлик ва идораларга «Электрон ҳукумат» тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этиладиган тартибга ўтилди. «Ягона реестр» Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тегишли бўлган, кам таъминланган оилаларни аниқлаш, уларга нафақа, моддий ва бошқа ёрдамларни тайинлаш ҳамда олиш амалга ошириладиган автоматлаштирилган ахборот тизимидир. Эътиборлиси шундаки, унинг ишлаб чиқилишида бюджетдан маблағ сарфланмаган, барча харажатлар UNICEF томонидан ажратилган грант маблағлари ҳисобидан қопланган.

«Дафтарлар» тизими

Ижтимоий соҳадаги давлат сиёсатида охирги йиллар, айниқса пандемия даврларидан бошлаб «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари» каби бир қанча янги тизимларга алоҳида эътибор берилди. Ҳар бир «дафтар» аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга зарурати бўлган фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмаклашишга қаратилган.

Бунда моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар бўйича «темир дафтар», ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган хотин-қизлар ва ёшлар бўйича тегишлича «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари» ишлайдиган бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелидаги қарорига мувофиқ «темир дафтар»нинг юритилиши бўйича Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги; «аёллар дафтари» юритилиши бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги; «ёшлар дафтари» юритилиши бўйича Ёшлар ишлари агентлиги масъул этиб белгиланган.

Ижтимоий ёрдам турлари

Кам таъминланганларга ижтимоий ёрдамнинг асосий икки тури — бола парвариши учун бериладиган нафақа (болалар нафақаси) ҳамда кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ҳисобланади. Жорий йилда Президентнинг 6277-сонли фармонига кўра, ушбу икки ёрдам тури бўйича ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб болалар нафақасини тайинлашда инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача, тўлов муддати эса 6 ойдан 12 ойгача оширилди. Бунда нафақа миқдори оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгиланадиган тартибга ўтилди.

Фото: «Bugun.uz»

Шу билан бирга, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам якка-ёлғиз бўлган фуқароларга, фарзанди бўлмаган ёки барча фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган оилаларга нисбатан қўлланадиган бўлди. 1 сентябрдан бошлаб болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг миқдорлари ҳам оширилди. Шунга кўра болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:

  • 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун — 325 000 сўм;
  • 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун — 250 000 сўм;
  • қўшимча равишда оиланинг иккинчи фарзанди учун — 150 000 сўм;
  • оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун — 100 000 сўмдан тўланадиган бўлди. Кам таъминланган оилалар учун умумий моддий ёрдам ойига 380 000 сўм этиб белгиланди.

Шунингдек, «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилган эҳтиёжманд фуқароларга бандликни таъминлаш; томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш; тадбиркорликка жалб қилиш; бир марталик моддий ёрдам (БҲМнинг тўрт бараваригача); турар жой ижараси учун компенсация тўлаш; тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш; касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш; хорижда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш; ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг Ўзбекистондаги ОТМларда тўлов-контракт асосида йиллик ўқиш харажатларини тўлаб бериш каби ижтимоий ёрдамлар тақдим этилади.

Мурожаат қилиш тартиби

Болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам олиш учун оиланинг муомалага лаёқатли исталган аъзосидан бири ариза берувчи бўлиши мумкин. Ижтимоий ёрдамни олиш учун Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими бошлиғининг номига ариза фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига тақдим этилади. Аризага ариза берувчи ва оила аъзоларининг Ўзбекистон Республикаси паспорти ёки ID-карталари нусхалари; чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари ёки ID-карталари ҳамда рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи нусхалари; васийлик ва ҳомийлик органи қарорининг нусхаси (болалари васийлик остида бўлган тақдирда); оиланинг мавжуд чорва моллари ва паррандалари тўғрисида маълумот; ариза берувчи ва унинг оила аъзолари номидаги тижорат банки ҳисобварақлари ҳақида маълумотларни олиш бўйича ариза илова қилинади.

Ариза зарур ҳужжатлар билан бирга бевосита ариза берувчининг доимий ёки вақтинча яшаш манзилидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи (МФЙ, ҚФЙ ёки ОФЙ)га тақдим этилади ва рўйхатга олинади. Болалар нафақаси ва моддий ёрдам белгиланган тартибда оила аъзоларининг тақдим этган аризаларига асосан Пенсия жамғармасининг «Ягона реестр»и орқали кам таъминланган оила деб эътироф этилгандан сўнг тайинланади. Ариза берувчи кўрсатилган мезонларга мос бўлган ҳолларда «Ягона реестр»да болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш тўғрисидаги қарор автоматик тарзда шакллантирилади. Бунда ариза берувчига «Ягона реестр» орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдам тайинлаш тўғрисида аризада кўрсатилган электрон манзилга ёки SMS-хабарлар хизмати орқали мобил телефон рақамига электрон хабар юборилади.

«Темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»га киритилиш учун эса талаборнинг мурожаати айнан зарур бўлмайди, учала тизим бўйича ҳам ёрдам турларини олувчилар, аввало, маҳаллаларда сектор раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари ходимлари ва маҳалла фаоллари билан биргаликда барча йўналишдаги муаммоларни уйма-уй юриб ўрганиши орқали шакллантирилади. Шу билан бирга ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир оилаларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва эҳтиёжманд оилаларни ўрганиш бўйича ўтказилган сўровнома натижаларидан ҳам фойдаланилиши мумкин.

«Темир дафтар»га кам таъминланган оила, деб эътироф этилган оилалар; ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган аъзолари мавжуд оилалар; кам таъминланган якка-ёлғизлар ва кексалар; боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилалар; кўп (4 ва ундан ортиқ) фарзандли моддий кўмакка муҳтож оилалар; меҳнатга лаёқатли ишсиз аъзолари мавжуд эҳтиёжманд оилалар; тиббий ёрдамга муҳтож эҳтиёжманд оилалар; нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзи ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой бўлмаган эҳтиёжманд оилалар каби аҳолининг 7 турдаги қатлами киритилади.

«Аёллар дафтари»га 30 ёшдан ошган, ижтимоий ҳимояга муҳтож; ишсиз ва боқувчисини йўқотган; ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган; уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган; нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган; қарамоғида ногиронлиги бўлган боласи мавжуд бўлган; тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож аёллар ва хотин қизлар киритилади. «Ёшлар дафтари»га 18 ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган ижтимоий ҳимоя, иқтисодий ва психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож, шунингдек ишсиз ёшлар киритилади.

Хулоса

Аҳолининг кам таъминланган қатламини ҳимоя қилишга автоматлаштиришнинг жорий қилиниши шаффофликка эришиш, давлат ёрдамининг мақсадли ва манзилли йўналтирилишида муҳим ўрин тутади. Буни соҳадаги ижобий ўзгариш сифатида баҳолаш мумкин. Ўз навбатида, пандемия даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнаган бўлса-да, «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари» каби тизимлар фақат қонуности ҳужжати тарзида эмас, балки қонун шаклида ягона норматив ҳуқуқий ҳужжат сифатида тугал шакллантирилиши керак бўлади.

Шунингдек, келгуси йилларда соҳада бошқа ўзгаришлар ҳам бўлиши кутилмоқда. Жумладан, Президент фармойиши билан «2021−2030 йилларда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш миллий стратегияси концепцияси» тасдиқланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳужжатга кўра, ижтимоий нафақа олиш жараёнини соддалаштириш режалаштирилган. 2030 йилда давлат бюджетининг ижтимоий ҳимояга йўналтирилган харажатлари ЯИМга нисбатан 1,5 фоизга етказилади. Ижтимоий ҳимоя соҳасида ягона масъул орган тузилиши кўзланган бўлиб, мазкур ғоянинг амалга татбиқ қилиниши соҳадаги самарадорликни янада ошириши мумкин. Концепция билан ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун ариза берувчиларнинг муҳтожлик даражасини аниқлаш жараёнларини соддалаштириш ҳамда ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш жараёнларини тезлаштириш ҳам режалаштирилган.