Дунёда 2021 йилнинг бошидан буён 4,4 мингдан зиёд мигрант бошқа мамлакат ҳудудига киришга уринганида ҳалок бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақда Халқаро миграция ташкилоти хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Маълум қилинишича, ҳар йили дунё бўйлаб мигрантлар саёҳати пайтида фожиали ўлимларни камайтириш бўйича аниқ чоралар кўриш мақсадида такрорий чақириқлар бўлаётганига қарамай, 2021 йилда 4470 нафар одам ҳалок бўлган. 2014 йилдан буён эса 45 400 дан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилган.

«Коронавирус одамлар ҳаракатланишининг мисли кўрилмаган даражада пасайишига олиб келган бўлса-да, мигрантлар лойиҳаси ҳали ҳам деярли ҳар куни ўлим ҳолатларини қайд этмоқда», дейилади хабарда.

Келтирилишича, 2021 йил ўлим ва бедарак кетиш ҳолатлари сайёрамизнинг жуда кўп миграцион йўналишларида, жумладан, Европа ҳамда Шимолий ва Жанубий Америкада кўпайган. Масалан, Мексика чегарасидан АҚШ ҳудудига ўтиш чоғида 651 киши ҳалок бўлган. Шунингдек, Европага ва Европанинг ичидаги миграцион йўналишларда 2 минг 720 та ўлим рўйхатга олинган.

«Миграция билан боғлиқ оммавий фожиалар тобора нормаллашмоқда. ХМТ давлатларни мигрантлар дуч келадиган хавфларни камайтириш учун сиёсий ва амалий ташаббусларни ишлаб чиқишга чақиради», дейилади хабарда.

Аввалроқ Москва ва Европада яшовчи мигрантлар ўртасидаги фарқ маълум бўлганди. Шунингдек, БМТ Европа Иттифоқининг мигрантларга нисбатан сиёсатини кескин танқид қилганди.