Тошкент шаҳрида ўтказилган МДҲ давлатларининг II Ҳалқаро банк-молия форумида бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон банк-молия секторидаги 3 та асосий муаммони санади. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати

Вазирнинг таъкидлашича, давлатнинг банк секторида катта улушга эгалиги ва мамлакатда молиявий воситачилик даражасининг етарли эмаслиги соҳадаги муаммолардан саналади. «Бундан ташқари, аҳолининг молиявий саводхонлиги, айниқса, вилоятларда пастлиги ҳам асосий муаммо ҳисобланади», — деган Жамшид Қўчқоров.

Айни пайтда Ўзбекистонда 30 та тижорат банки мавжуд бўлиб, шулардан 13 тасида давлат улуши бор. 2020 йил 12 май куни Президентнинг «2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида»ги фармони имзоланган. Ҳужжатда мазкур муаммони ҳал қилиш мақсадида халқаро молия институтлари кўмагида «Ипотека-банк», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Асака», «Алоқабанк», «Қишлоқ қурилиш банк» ва «Туронбанк»даги давлат улушларини босқичма-босқич хусусийлаштириш, бунда биринчи босқичда уларни институционал ўзгартириш (фаолиятини трансформация қилиш), иккинчи босқичда эса давлат акциялари пакетини сотиш назарда тутилган.

«Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки» АЖ, «Агробанк» ва «Микрокредитбанк» устав капиталларидаги давлат улушини банк тизимини ислоҳ қилиш даврида аҳолининг молиявий хизматларга бўлган талабини қондириш, инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизмини (лойиҳалар фабрикаси) кенг жорий қилиш, шунингдек, банк хизматларининг ҳудудий қамровини таъминлаш мақсадида сақлаб қолиниши қайд этилган.

Вазир санаб ўтган яна бир муаммо — аҳолининг иқтисодий саводҳонлиги пастлиги ҳам ҳозиргача актуал ҳисобланади. Чунки ҳалигача фуқароларнинг картасидаги пулни алдаб ечиб олиш, ўзгалар номига кредит олиб, ишлатиб юбориш каби холатлар учраб туради. Бу муаммо билан ҳозирча Марказий банк шуғулланиб келади.