ЖССТ кимлар вакцинанинг учинчи дозаси билан эмланиши кераклигини маълум қилди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирусга қарши вакцинанинг кучайтирувчи дозасини олиш тавсия этилган одамларнинг икки гуруҳини маълум қилди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Қайд этилишича, ЖССТнинг стратегик маслаҳат гуруҳи иммунитети заиф ҳамда инактив вакцина (фаол бўлмаган) билан эмланганларга учинчи доза билан қайта эмланишни маслаҳат берган.

Таъкидланишича, кўплаб мамлакатлар кекса фуқаролар ва хавф остида бўлган одамлар учун кучайтирувчи (бустер) дозани жорий қилмоқда, янги «омикрон» штами билан боғлиқ хавотирлар эса кучайтирувчи эмлаш дастурларини кенгайтиришга ундамоқда.

Стратегик маслаҳат гуруҳи раиси Алехандро Кравиотонинг таъкидлашича, вакциналар камида олти ой давомида жиддий касалликлардан ишончли ҳимоя даражасини таъминлайди, аммо маълумотларнинг кўрсатишича, вақт ўтиши билан коронавирусга қарши вакциналарнинг самарадорлиги пасаяди.

«Айни пайтда вакциналарни адолатли тақсимлаш ва учинчи дозани фақат соғлиғи билан боғлиқ муаммоларга дуч келганлар учун қўллаш зарурлигини қўллаб-қувватлашда давом этамиз», дейилади хабарда.

Аввалроқ ЖССТ раҳбари коронавирусга қарши эмлашни бошлаган давлатларга мурожаат қилган. Шунингдек, ташкилот дунё аҳолисини 2022 йилда эмлаш учун қанча маблағ кераклигини айтганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз