Шавкат Мирзиёев 10 декабрь куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент учрашувда сўзлаган нутқида Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи сифатида қўшилганига бир йил тўлганини айтиб, ўтган даврда муносабатларни ҳар томонлама ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратилганини таъкидлади.

«Евроосиё иқтисодий комиссияси билан тизимли ва самарали иш йўлга қўйилди. Меморандум ва аниқ Чора-тадбирлар режаси амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг бошқа органлари ишида ҳам фаол қатнашмоқда.

Биз миллий қонунчиликни Евроосиё иқтисодий иттифоқи нормалари билан, биринчи навбатда, стандартлаштириш ва ташқи савдони нотариф тартибга солиш чоралари соҳасида яқинлаштириш масаласида изчил ҳаракат қилмоқдамиз.

Юртимиз ‘Ковидсиз саёҳат қиламанʼ рақамли платформасига уланди. Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиш жараёни бошланди.

Бугунги давр қийинчиликларига қарамай, мураккаб шароитларга мослашиш ва янги ‘ўсиш нуқталари’ни излаб топишга муваффақ бўляпмиз. Хусусан, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси жорий йилнинг 11 ойида 30 фоизга ортди. Айни пайтда, пандемиядан аввалги 2019 йил билан таққослаганда, Бирлашма мамлакатлари билан ўзаро савдомиз 11 фоизга ошди», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари Ўзбекистон ЕОИИ мамлакатлари билан ҳамкорликни чуқурлартириш тарафдори эканини айтди.

«Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлайман.

Сўзим якунида Евроосиё иқтисодий иттифоқига раислик Қирғизистонга ўтгани муносабати билан Қирғиз Республикаси Президенти, ҳурматли Садир Нургожоевич Жапаровга катта муваффақиятлар тилайман.

Фурсатдан фойдаланиб, ҳурматли дўстлар, сизларни яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан табриклайман, мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва ўз олдингизга қўйган мақсадларнинг рўёбини тилайман. Эътиборингиз учун раҳмат», — дея нутқини якунлаган Президент.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 10 декабрь уни Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида қатнашгани ҳақида хабар берилганди. Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев раислигида ўтган саммитда кенгаш фахрий раиси, Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоев, Россия президенти Владимир Путин, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи мамлакат — Куба президенти Мигель Бермудес ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясникович қатнашган.

Йиғилиш кун тартибидан ЕОИИ маконида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва интеграция жараёнларини чуқурлаштириш, жумладан, иқтисодиёт, савдо, саноат, транспорт, божхона маъмуриятчилиги, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларда амалий шерикликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.