Янгиликлар - 14:36 · 11.12.2021

Президент Тошкентдаги 20–25 қаватли IT парк қурилиши билан танишди

Шавкат Мирзиёев 11 декабрь куни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, давлат раҳбари мажмуа қурилишига 2019 йил 20 ноябрда тамал тоши қўйган эди. Бу галги ташрифда бунёдкорлик ишларининг бориши кўздан кечирилди. Бугунги кунда 20–25 қаватли 6 та офис биноси қад кўтарган. Конференция зали қурилиши якуний босқичга кирган.

Бу ерда жами 17 та иморат барпо этилади. Улар 9 балдан юқори зилзилага чидамли бўлади. Технологик паркда IT ташкилотлар, университет, конференция зали, коворкинг маркази ўзаро узвий фаолият олиб боради. Мажмуа ҳудудида хизмат уйлари, меҳмонхона, кафе ва ресторанлар, дўконлар, спорт майдони, дам олиш жойлари ҳам бўлади. Ер остида 3 қаватли автотураргоҳ қурилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентга ушбу объектларда бўладиган шароитлар, соҳадаги натижалар ҳақида маълумот берилди. Замонавий шароитлар яратилиб, мутахассислар тайёрланаётгани самарасида сўнгги беш йилда ахборот технологиялари соҳасида экспорт ҳажми 50 баробардан зиёд ўсгани қайд этилди.

«Ҳозирги замонда хизматларнинг катта қисми ахборот технологиялари орқали кўрсатиляпти. Бошқа соҳаларнинг ҳам самарадорлиги шунга боғлиқ. Шунинг учун бу ердаги шароитларни кенгайтириб, замонавий IT хабга айлантириш керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги қуйи ташкилотларни шу ерга кўчириб, банк ва IT компанияларни жалб этиб, технопаркни яхлит комплекс тарзида ривожлантириш, соҳа вакиллари учун қулай муҳит яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари шу ерда IT соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар ва тадбиркорлар билан суҳбатлашди, шунингдек, Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллалар раислари ҳамда туман ҳокимининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари билан мулоқот қилди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Инновацион ўқув ва ишлаб чиқариш технопаркини бориб кўргани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент «Жиззах» эркин иқтисодий зонасида жойлашган заводга борган.