Талабалар муаммоси: улар энди ижарачининг даромад солиғини тўлашга мажбур бўляпти

Давлат томонидан талабалар ижара харажатининг ярми қоплаб берилиши эълон қилинганда кўпчилик хурсанд бўлди. Айрим талабалар имтиёздан фойдаланди, кўпчилик эса эҳтиёж сезмади. Бошқалари бу қоғозбозликка айланиб кетгани, пул ундириш қийинлигини важ қилиб, харажатларнинг қоплаб берилишига ишонқирамади. Бунинг устига, имтиёздан фойдаланган талабалар бошқа муаммога дуч келмоқда: хонадон эгалари ижара ҳақи туфайли ундириладиган даромад солиғини ҳам талабалар зиммасига юклаган. Яъни одатдаги ижара ҳақига хонадон эгаси тўлаши лозим бўлган даромад солиғи ҳам қўшилган.

Фото: «Bugun.uz»

Маълумотларга кўра, 2017/18 ўқув йили бошида республикадаги олий таълим муассасаларида 297 минг 689 нафар талаба таълим олган бўлса, бу кўрсаткич 2020/21 ўқув йилида 571,5 минг кишини ташкил этган. Ҳозирда республика бўйлаб 127 та олий таълим муассасаси бор ва уларнинг 88 тасида талабалар учун ётоқхоналар мавжуд (улардаги сиғим яна алоҳида мақолага асос бўла олади). Йилдан йилга олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари ошиб боряпти. Аммо талабалар учун зарур бўлган ётоқхона, яшаш учун жой масаласи ҳар ўқув йили бошидан бошлаб ўз долзарблигини сира йўқотмайди.

2021 йил 16 июнь куни Президент раислигида олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди. Унда талабалар учун қўшимча 149 мингта турар жойга эҳтиёж борлиги ва ётоқхоналарни тадбиркорлар билан хусусий шериклик асосида ташкил этиш учун олий таълим муассасаси ҳудудидан ёки унга яқин жойдан аукцион орқали ер ажратилиши белгиланган. Шунингдек, талабаларга бу борадаги харажатларнинг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилиши таъкидланган.

Шунга кўра, Президентнинг тегишли фармони билан ижарада турадиган олий ўқув юртлари талабаларининг 60 фоизига улар тўлайдиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат томонидан тўлаб берилиши белгиланган. Яъни Тошкент шаҳрида ижарада турувчи талабаларга ижара пули БҲМнинг 1 баравари, яъни 270 минг сўмдан, бошқа вилоятларда эса 0,5 баравари — 135 минг сўмдан кўп бўлмаган қисмини давлат тўлаб беради.

Ҳужжатга мувофиқ, ижара тўловининг 50 фоизи биринчи навбатда эҳтиёжманд оила фарзандлари, ўрнак кўрсатган ва фаол талабаларга тўлаб берилади. Шунингдек, юқоридаги талабларга мос келмайдиган талабаларга ҳам ойлик ижара тўловининг бир қисми олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилиши мумкин. Бу олий таълим муассасаси кенгаши томонидан мустақил ҳал қилинадиган масала ҳисобланади.

Амалда кўплаб ўқув юртларида талабларга мос келган талабаларга ижара пулининг 50 фоизи қоплаб берилмаяпти. Ҳатто таълим муассасаси ҳам бу борада талабага ёрдам бермаяпти. Аммо талабалар ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, кўпчилик талабалар бу жараёнда ҳужжат тайёрлаш қийин экани учун бу имкониятдан фойдаланмаётганини айтмоқда. Уларнинг яна бир қисми эса бу жараёнга ишонмаётганини қайд этган.

Талабаларни ижарага қўйишда даромад солиғини олмаслик кераклиги ҳақидаги хабарлар аллақачон тарқаганди. Бу бўйича қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган, аммо унинг тақдири ҳалигача номаълум.

Солиқ кодексининг 378-моддасига бу борада назарда тутилган ўзгартиш ва қўшимча киритилмагани боис солиқ солинмайдиган даромад турларига солиқ тўловчининг уй-жойларини талабаларга ижарага беришдан олинган даромадлари ҳам киритилмаган. Қонунга ҳали расман қўшимча киритилмагани боис ижарадаги талабалар ижара пулининг 50 фоизи билан бирга қўшимча даромад солиғини (12 фоиз) ҳам тўламоқда.

Рухсора Машарипова тайёрлади

Буюк Британия Ўзбекистонга савдода янги имтиёзлар беради
Янгиликлар19:41 | 5.12.22
Буюк Британия Ўзбекистонга савдода янги имтиёзлар беради
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Янгиликлар19:14 | 5.12.22
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Янгиликлар18:44 | 5.12.22
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Янгиликлар18:13 | 5.12.22
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Янгиликлар17:56 | 5.12.22
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди
Янгиликлар17:34 | 5.12.22
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди