Киевнинг «Борисполь» аэропорти чегарачилари Россия рамзлари туширилган кийимда келган Ўзбекистон фуқаросини Украинага киритмади. Бу ҳақда Давлат чегара хизмати хабар берди.

Фото: «Reuters»

Қайд этилишича, чегарачилар чет эллик фуқарога унинг кийими туфайли алоҳида эътибор қаратган. «Саёҳатчининг кийимида тажовузкор давлат байроғи ва герби тасвирлари ҳамда ‘Russian national teamʼ (Россия терма жамоаси) ёзуви бўлган. Ўзбекистон фуқароси текширувдан ўтказиш учун идорага таклиф қилинган, кейинроқ унинг ўзи ҳам мос бўлмаган кийим кийинганини англаб етган ва барча украиналиклардан узр сўраган. Аммо бу хорижликка Украина киришига ёрдам бермади, чунки чегара назорати вақтида у мамлакатга келиш мақсадини аниқ айта олмади», дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, эркак текширув давомида Украинага фермер хўжалиги учун трактор сотиб олиш мақсадида келганини айтган. Аммо сўров давомида у ўзининг фермер хўжалиги ҳақида, кимдан ва қандай трактор сотиб олмоқчилигини маълум қила олмаган.

Шу билан бирга, саёҳатчида нафақат қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш, балки меҳмонхонани бронь қилиш учун ҳам пули йўқлиги, юкининг сиғими эса Украинада қолиш режалаштирилган муддатидан сезиларли даражада ошиб кетгани маълум бўлган. Натижада у қайтиш рейси билан Тошкентга учиб кетган.

Аввалроқ Россияда Украина махсус хизмати билан ҳамкорлик қилган ўзбекистонлик эркак ушланганди. Шунингдек, Россияда давлатлараро қидирувда бўлган ўзбекистонлик аёл ва 2 эркак қўлга олингани маълум қилинганди.