Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов Қашқадарёда журналист ва блогерлар билан ўтказилган очиқ мулоқот давомида Феруза Бабашева билан боғлиқ махсус тадбирда олинган видео ижтимоий тармоқларда тарқалгани бўйича изоҳ берди, деб ёзмоқда «Nasafnews».

Фото: «Nasafnews»

Нашрнинг маълум қилишича, Ғиёсов очиқ мулоқотда Халқ депутатлари Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани кенгаши депутати Бабашевага оид видео рейдлар давомида олингани ва шахсий, бир-бирига жўнатиш орқали тармоқларга чиқиб кетганини айтган. Уни тарқатиш бўйича эксперт-криминалистлар иш олиб бормоқда.

«Биз доимо ‘притон’ларни (одамлар мунтазам равишда жиноий ёки бошқа номақбул мақсадларда тўпланадиган жой) аниқлаш, уларга қарши курашиш бўйича рейдлар ўтказамиз. Бу — қонуний ҳолат. Сўнгги пайтларда бунақа тадбирларда жамоат назорати вакилларини ҳам жалб этдик. Бунинг ёмон томони — тадбирлар видеолари тарқалиб кетган ҳолатлар ҳам бўлди», — дейди матбуот котиби.

Унинг сўзларига кўра, ходимлар депутатни ҳатто кечаси соат 2 да маст ҳолатда ҳам ушлаган.

«Бу аёлнинг яна бошқа тарқалиб кетган ‘съёмка’лари ҳам бор. Умуман, бошқа жойларга чиқиб, уятсиз ҳолатли ‘съёмка’лари жуда кўп. Кечаси соат 2 да ушлаган бизнинг ходимлар. Маст ҳолатда бўлган. Бизлар ахлоқсизликка ва тартибсизликка ҳуқуқий баҳо бермаймиз.

Депутатга нисбатан ўз кенгашидагиларнинг ҳам хусумати бўлган. Билмайман, биз унинг юриш-туриши бўйича ҳуқуқий баҳо беролмаймиз. Ўзининг виждонига ҳавола. Лекин жуда кўп одамнинг унга хусумати бўлган. Ва у видеолар ҳеч қандай расмий ва ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан тарқалмаган. Шахсий, бир-бирига жўнатиш орқали чиқиб кетган», — дейди Ғиёсов.

Аввалроқ Тошкент вилоятида депутат аёл ишқий муносабатда бўлган пайтида ушлангани бўйича муносабат билдирилганди. Шундан сўнг Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ туман кенгашида депутат иши муҳокама қилинган. Кенгашнинг навбатдан ташқари сессиясида эса Феруза Бабашеванинг депутатлик ваколати муддатидан олдин тугатилгани маълум қилинган.