Янги Қўйлиқ деҳқон бозори кимга тегишли?
Бутун республика бозорлари экотизимини ташкил этувчи Қўйлиқ деҳқон бозорининг кўчирилиши шу йилнинг 7 декабрь куни расман эълон қилинди. Қисқа фурсатда бозор сотувчиларини янги жойга кўчириш ишлари шунчалар жадаллашиб кетдики, бундан норози аҳоли Бектемир туманида автомобиль йўлини ҳам тўсиб қўйди, шу тарзда эътирозини ифода этди.

Бозорнинг эски жойлашувидан 6,5 километр узоқликда қурилган, Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги Янги Қўйлиқ деҳқон бозори кимга тегишли? Нега эски бозор биноси бузилмоқда?
Таъкидлаш лозимки, бозор жойлашуви ўзгариши ҳақида 2018 йили Бектемир туман ҳокими бўлган Шопўлат Асқаров ҳам гапирган. У йўлларни кенгайтириш, метро қурилиши ва тирбандликни ечиш учун Қўйлиқ деҳқон бозори янги локацияга кўчирилиши айтганди. 2017 йилда эса бу ҳақда ҳукумат қарори ҳам қабул қилинган (таажжубки, ҳукумат қароридан кенг жамоатчилик 2021 йил декабрда хабар топди).
«Газета.uz» маълумотига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги буйруғида «Бектемир Нур агро» va «Турсунов Улуғбек агро» фермер хўжаликларига қарашли бўлган 55 гектар майдонни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлаш корхонаси, деҳқон (озиқ-овқат) бозори, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи савдоси мажмуаси, йирик савдо мажмуаси (гипермаркет), шунингдек, автомобиль тўхташ жойи ва автобус бекати қурилиши учун ажратиш назарда тутилган.
Мажмуани қуриш таклифи Тошкент вилояти ҳокимлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва «Тошкентвино» комбинати томонидан билдирилган. Қурилиш мақсадлари сифатида «Тошкент шаҳри аҳолисини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, замонавий талабларга жавоб берадиган қулайликлар яратиш ва хизматлар кўрсатиш, ушбу фаолият билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари ва тадбиркорларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини республиканинг бошқа ҳудудларидан тез ва арзон етказиб бериш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт қилиш ҳажмини ошириш» кўрсатилган.
Янги мажмуанинг очилиши 2019 йилга мўлжалланган эди. Қурилиш буюртмачиси сифатида «Тошкентвино» комбинати танланган, бош пудратчи эса — «Ўзагросаноатлойиҳа» ҳисобланади. Лойиҳа президентга ҳам тақдим этилган. Қурилиш ишларини олиб борган компания ва унинг таъсисчилари ҳақида маълумот очиқ манбаларда учрамайди.
Хўш, Янги Қўйлиқ бозори кимга тегишли? Тошкент шаҳар ҳокимлиги тарқатган хабарда янги бозор «FoodCity» деб номланиши билдирилган.
Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри очиқ маълумотларига кўра, 2017 йил 5 декабрда ташкил этилган «Food City Tashkent» масъулияти чекланган жамияти устав фондидаги улушлар «Procab» қўшма корхонаси (60,70 фоиз), «Trast Leasing» МЧЖ (26 фоиз) ва «Тошкент вино комбинати» АЖ (13,30 фоиз)га тегишли. Таъсисчилар қаторидаги «Procab» қўшма корхонасига Дилмурод Парпиев, Тоҳир Шарипов ва «Inter Alltech ltd.» хорижий компанияси асос солган.
«Trast Leasing» МЧЖ эса 2011 йили ташкил этилган бўлиб, унинг барча улушлари «Trastbank» хусусий банкка тегишли. Дилмурод Парпиев ва Тоҳир Шарипов ушбу банкнинг ҳам 50 фоиздан ортиқ акцияларини бошқаради.
«Тошкент вино комбинати»нинг энг катта улуши хорижий офшорда ташкил этилган «Fruit Industrial S.A.»га тегишли бўлиб (30 фоиздан ортиқ), ушбу офшор компания таъсисчилигида очилган ҳамда спиртли ичимликларни дистиллаш, тозалаш ва аралаштириш фаолияти билан шуғулланувчи «Навигул» МЧЖ устав фондидаги 34 фоиз улуш «Trastbank» акциядори «Madi GmbH»га қарашли.
Демак, Янги Қўйлиқ деҳқон бозори («Food City Tashkent») таъсисчилари бир хил исмларга етаклар экан, Дилмурод Парпиев ва Тоҳир Шарипов ким?
Очиқ маълумотларга кўра, Дилмурод Парпиев Давлат солиқ қўмитаси собиқ раиси, айни пайтда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиевнинг ўғли, ишбилармон тадбиркор. Тоҳир Шарипов эса 1994 йили ташкил этилган «Trastbank» хусусий банкнинг кенгаши раиси. Икки тадбиркор, шунингдек, «Alutex» бренди остида қурилиш метал конструкцияларини ишлаб чиқариш компаниясига ҳам эгалик қилади. Бундан ташқари, «Inco» компаниялар гуруҳига кирувчи ташкилотлар устав фондидаги улушлар уларга тегишли.