АҚШда «омикрон» штами устида ўтказилган биринчи тадқиқот натижаси эълон қилинди

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази коронавирус устида олиб борилган биринчи тадқиқот натижасини эълон қилди. Бу ҳақда ташкилот веб-сайтида хабар берилди.

Фото: «Euronews»

Унга кўра, илмий тадқиқотлар янги «омикрон» коронавирус штамининг юқумлилик даражаси юқори эканини тасдиқлаган. «‘Омикронʼ хавотирли вариант сифатида тан олинган. Штамдаги мутациялар унинг юқумлилик даражасини ошириши, терапевтик воситаларга чидамли қилиши, бундан ташқари, касалликка чалиниб, тузалгандан ёки эмланишдан кейин иммунитет тизимини четлаб ўтишига олиб келиши мумкин», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, АҚШнинг 22 штатида янги «омикрон» штамининг 43 та ҳолати аниқланган. Улардан 34 нафари эмланган одамлар бўлган. Аксарият одамларда жиддий аломатлар қайд этилмаган. Фақат битта касалланган одам касалхонага ётқизилган. Ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ.

«Эмланиш, ниқоб режимига риоя қилиш, биноларни шамоллатиш, карантин ва изоляция қилиш орқали ‘омикронʼ штамидан ҳимояланиш тавсия этилади», дейилади хабарда.

Аввалроқ африкалик шифокор «омикрон» штамининг аломатларини маълум қилганди. Шунингдек, италиялик олимлар унинг илк суратини кўрсатганди.

Кўп ўқилган

Бошқа лойиҳаларимиз