Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг ҳафта давомидаги энг сара ва муҳим хабарлари жой олган дайжести.

Ушбу ҳафтада ҳокимлар билан бир-биридан қизиқ воқеалар содир бўлди. Қайсидир ҳоким ўзига «премия» ёзди, яна қайсидир ҳокимнинг қиммат машинада юргиси келди, яна бири эса аҳоли билан номақбул тарзда гаплашди. Қуйида айнан шулар ҳақида.

Ўзини севиш, қадрлаш бўйича Сергели ҳокимидан намуна: Элбек Шукуров меҳнатда ташаббускорлигини рағбатлантириш мақсадида ўзига ўзи 35 миллион сўм рағбат пули ёзди.

Кадр: YouTube

Маълум бўлишича, Халқ депутатлари Сергели тумани кенгашининг тегишли қарори билан Тошкент шаҳар ҳокимининг 2021 йил июль, август, октябрь ва ноябрь ойидаги фармойишларига асосан Сергели тумани ҳокими Элбек Шукуров Ҳабибуллаевич меҳнатда ташаббускорлик кўрсатган. У ўзини ўзи рағбатлантириш мақсадида шу ойлар учун лавозим маошига устама ҳақи тўлаш учун 35 миллион сўм маблағ туман маҳаллий бюджетининг учинчи чорак даромадлар режасини ошириб бажарилган қисми ҳисобидан туман ҳокимлигига ажратган.

Бойсун тумани ҳокимлиги салкам 400 миллион сўмга «Trailblazer Ltz-At» харид қилди. Лекин бу қонун билан тақиқланган.

Сурхондарё вилояти ҳокими биринчи ўринбосари Ф.Маманов Бойсун тумани ҳокимлиги балансида турган, 2013 йилда ишлаб чиқарилган ҳамда техник носоз бўлган «Captiva-2» русумидаги хизмат автомобилининг электрон аукцион орқали сотилиши ва янги хизмат машинаси олинишига эътирози йўқлигини билдирган.

Лекин вилоят ҳокими биринчи ўринбосарининг кўрсатмасига қарамай, Бойсун тумани ҳокими А.Жўраев фармойиши билан мазкур «Captiva» оператив бошқарув ҳуқуқи билан бепул Бойсун тумани прокуратурасига ўтказиб берилиб, машина электрон аукционга қўйилмаган.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бойсун тумани ҳокими ҳам 2021 йил ноябрь ойида 398 миллион сўмга «Trailblazer Ltz-At» хизмат автомашинасини харид қилиш учун шартнома тузган. Ҳукумат қарорига кўра туман ҳокимлари хизмат машиналари нархи базавий ҳисоблашнинг 1000 бараваридан, двигатель энг юқори қуввати 2000 сантиметр/кубдан ошмаслиги келтирилган. Агар туман тоғли ҳудуд бўлса, бу қувватни 3000 сантиметр/кубгача оширишга рухсат берилиши мумкин. Базавий ҳисоблаш миқдорининг истисно чегараси кўрсатилмаган.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ҳам 22 ноябрь куни 398 миллион сўмга «Trailblazer Ltz-At» автомобилини харид қилди.

Асака ҳокими фуқаро билан қўлини чўнтакка солиб гаплашди. Видеони Telegram’га юклаган ходим жазоланди.

Андижон вилояти Асака тумани ҳокими Мансур Алихонов 9 декабрь куни кўп қаватли уйларда фуқаролар билан суҳбати давомида қўлини чўнтагига солиб гаплашгани ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинди. Ҳокимнинг ушбу видеодаги ҳаракатларига нисбатан «ноодатий» сўзини ишлатишга бироз ўйландик ва якунда ундан фойдаланмасликка қарор қилдик — биз ҳам жазога тортилишни истамадик. Шу сабабли расмий изоҳ олиш учун ҳокимлик матбуот хизмати билан боғландик.

Ҳокимлик матбуот хизматининг «Bugun.uz»га маълум қилишича, ўша куни ҳаво совуқ бўлгани учун ҳоким шу ҳолатда мулоқот қилган. Шундай қилиб, совуқ об-ҳаво ҳокимнинг гап сўзларига ҳам таъсир қилишини билиб олдик (балки, у ҳоким бўлган туманларда қишдан бошқа фасл бўлмас).

Тарқалган видео Қадрият маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларда куз-қиш мавсумини беталафот (ҳокимлик учун мана шу видео ягона «талафот» бўлса керак) ўтказиш мақсадида Асака тумани ҳокими бошчилигида туман ҳокимининг ўринбосарлари ва соҳага алоқадор ташкилотлар раҳбарлари учрашуви жараёнида олинган. У онлайн тарзда туман ҳокимлигининг расмий Telegram каналида бериб борилган ва муҳокамларга сабаб бўлган видео эътиборсизлик туфайли жойланган. Бўлиб ўтган ҳолат юзасидан масъул ходимларга нисбатан тушунтириш ишлари олиб борилган ва белгиланган тартибда чора кўрилган.

Шунчаки маълумот учун, 9 декабрь куни Андижонда ҳаво ҳарорати кундузи 12 даража илиқ бўлган, кечаси эса -2 даражагача пасайган.

Қадрли асакаликлар, агар энди ҳоким ёнингизга бориб, шундай ҳолатда гаплашса, тўғри тушунинг, у ҳам одам — у ҳам совқотади. Сизнинг уйингизда бўлмаган газ уникида ҳам бўлмаслиги мумкин (янаям, аниқмас). Яхшиси, ҳоким билан ҳаво иссиқ пайтлари гаплашинг, лекин ундай об-ҳаво қачон келишини билмаймиз. Ҳокимлик ахборотида айтилганидек, эътиборли бўлганингиз ва бизни кузатиб бораётганингиздан мамнунмиз!

Қисқа хабар. Хабарни узун шаклда жойласак, уни ўқишга интернет тезлиги етмайди. Ўзбекистон интернет тезлиги рейтингида 224 та давлат ичида 166-ўринни эгаллади.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Мамлакатда 5 гигабайтлик файл ўртача 6,64 Мбит/секунд тезликда юклаб олинади. Ушбу кўрсаткич Марказий Осиёда Қирғизистондан кейин иккинчи ҳисобаланади (ҳеч бўлмаса, қўшнилар орасида биринчимиз, деб мақтанолмаймиз ҳам).

Сурхондарёда бир ярим триллион сўмлик мега лойиҳа тендерсиз «To‘palang HPD Platinum»га берилди. Компания «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти бошқарув раиси ва сенатор Абдуғани Сангиновнинг ўғлига тегишли.

Сурхондарё вилоятида аҳолининг ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган 527 миллиард 428 миллион сўмлик мега лойиҳа «To‘palang HPD Platinum»га берилди.

Фото: «Bugun.uz»

«davletovuz» Telegram каналида айтилишича, 2021 йилнинг ўзида бош пудратчи билан 527 миллиард 428 миллион сўмлик шартнома имзоланган. Бундан 3,4 миллиард сўми Россиядан пўлат труба қувурлар келтиришга йўналтирилади. Лойиҳани 2023 йилда якунлаш кўзда тутилган бўлиб, ҳукумат қарори билан «To‘palang HPD Platinum» бош пудратчи сифатида тендерсиз танлаб олинган.

«Bugun.uz» ҳолат бўйича маълумот олиш учун вилоят ҳокимлиги билан боғланганда ҳокимиятнинг бунга алоқаси йўқлиги, «бу билан республика шуғулланиши» маълум қилинди.

Таъкидланишича, бош пудратчининг ягона таъсисчиси «To‘palang HPD Holding» МЧЖ ҳисобланади. Мазкур холдинг улушининг 61,70 фоизи Абдураҳмонов Ислом Абдуғаниевичга тегишли. Маълумотларга кўра, у «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти бошқарув раиси, сенатор Сангинов Абдуғани Абдураҳмоновичнинг ўғли ҳисобланади.

Шунингдек, 138 миллион долларлик лойиҳанинг техник-иқтисодий асослантирилиши «Гидропроект» АЖ томонидан ишлаб чиқилгани маълум қилинган. Ташкилотнинг 71,86 фоиз овоз берувчи акцияларига «Ўзбекгидроэнерго» АЖ эгалик қилади.

Ҳафтанинг энг аянчли воқеаси — Сурхондарёдаги савдо марказининг портлаши. Бу воқеага кўп тўхталмаймиз, чунки аввалроқ мазкур аянчли ҳодисага оид барча маълумотни битта материалга тўплаганмиз.

Қандай бўлмасин «cеҳрли диёр»га боришга интилаётган ўзбеклар: ўзбекистонлик 4 нафар мигрант АҚШ–Мексика чегарасини кесиб ўтди.

АҚШ–Мексика чегарасини кесиб ўтган муҳожирлар орасида 4 нафар Ўзбекистон фуқароси борлиги аниқланди. Ушбу 4 нафар мигрантнинг сўзларига кўра, улар Истанбул орқали Мексикага учиб борган.

«Bugun.uz» ушбу ҳолат юзасидан Ташқи ишлар вазирлиги билан боғланди. Ўз навбатида, ТИВ ҳозирча бу борада ҳеч қандай маълумот йўқлигини қайд этди. «Биз элчихонага хабар юбордик, уларда ҳали тонг отмаган», дея изоҳ берди ТИВ матбуот хизмати.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Қисқа ва карикатурали хабар: Маданият вазирлиги ходимлари дўппи кийиб ишлай бошлади.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков вазирлик ходимлари иш фаолияти давомида дўппи кийиб юришини маълум қилди. Вазир бошқа соҳа вакиллари, ижодкор ва бошқаларни ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Озодбек Назарбековнинг ушбу баёноти ижтимоий тармоқларда турли фикрлар келтириб чиқарди. Кимдир танқид қилди, кимдир ёқлади — доимгидек плюрализм (турфа хиллик). Бу эса яхши. Ўз навбатида, колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов ҳам ушбу воқеага карикатура орқали муносабат билдирди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Украина чегарачилари Россия рамзлари туширилган кийимда келган Ўзбекистон фуқаросини мамлакатга киритмади.

Киевнинг «Борисполь» аэропорти чегарачилари Россия рамзлари туширилган кийимда келган Ўзбекистон фуқаросини Украинага киритмади.

Фото: «Reuters»

«Саёҳатчининг кийимида тажовузкор давлат байроғи ва герби тасвирлари ҳамда ‘Russian national teamʼ (Россия терма жамоаси) ёзуви бўлган. Ўзбекистон фуқароси текширувдан ўтказиш учун идорага таклиф қилинган, кейинроқ унинг ўзи ҳам мос бўлмаган кийим кийинганини англаб етган ва барча украиналиклардан узр сўраган. Аммо бу хорижликка Украина киришига ёрдам бермади, чунки чегара назорати вақтида у мамлакатга келиш мақсадини аниқ айта олмади», дейилади хабарда.

Эркак текширув давомида Украинага фермер хўжалиги учун трактор сотиб олиш мақсадида келганини айтган. Аммо сўров давомида у ўзининг фермер хўжалиги ҳақида, кимдан ва қандай трактор сотиб олмоқчилигини маълум қила олмаган.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Камига у эркакнинг нафақат қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш, балки меҳмонхонани «бронь» қилиш учун ҳам пули йўқлиги, юкининг сиғими эса Украинада қолиш режалаштирилган муддатидан сезиларли даражада ошиб кетгани маълум бўлган. Охир-оқибат у қайтиш рейси билан Тошкентга учиб кетган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.