Ҳиндистон Мудофаа тадқиқотлари ва ишланмалари ташкилоти (DRDO) 11 декабрь куни мамлакат Ҳарбий ҳаво кучлари билан ҳамкорликда «SANT» (танкга қарши турувчи) ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди. Бу ҳақда «India Today» хабар берди.

Фото: «Hindustan Times»

Ҳиндистон ҳукумати матбуот хизматининг Twitter’даги саҳифасида маълум қилинишича, ҳарбий синов Ражастан штатидаги Похаран полигонида бўлиб ўтган. «DRDO ва Ҳарбий ҳаво кучлари Похаранда танкга қарши ракетанинг муваффақиятли парвоз синовини ўтказди», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ракета хавфсиз масофадан юқори аниқликни таъминлайдиган энг замонавий қидирувчи қурилма билан жиҳозланган бўлиб, 10 километргача бўлган масофадаги нишонларни йўқ қила олади. Ҳукумат матбуот хизмати хабарига кўра, тест синовлари давомида барча топшириқлар тўлиқ бажарилган.

Аввалроқ Хитой 2 марта янги гипертовушли қуролни синовдан ўтказганди. Шунингдек, Шимолий Корея узоқ масофага учувчи янги қанотли ракетани синовдан ўтказгани ҳақида хабар берилганди.