Исроил Эроннинг ядровий бомбага эга бўлишига тўсқинлик қилиши кўзда тутилган ҳарбий усуллар тайёрлаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучларининг «Галей ЦАХАЛ» радиостанцияси юқори мартабали ҳарбий манбага таяниб хабар берди.

Фото: «Pixabay»

Манбанинг маълум қилишича, Исроилнинг ушбу режаси ҳақида мамлакат мудофаа вазири Бени Ганц Вашингтонга ташрифи чоғида АҚШ расмийларига айтган. Радиостанция суҳбатдошининг қўшимча қилишича, Эрон битта бомба яратиш учун етарли бўладиган уран ишлаб чиқаришга яқин қолган.

«Улар бу чизиқни кесиб ўтишга шошилмайди, чунки улар оқибатларни тушунади, аммо биз вазиятни кузатишда давом этамиз ва Эронга уранни бойитишига йўл қўймаслик кераклигини қайта таъкидлаймиз», дея қайд этган манба.

Келтирилишича, расмий равишда Бени Ганц АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин ва Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувдан сўнг улар хавфсизлик соҳасида чуқур ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олганини маълум қилган.

Аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир-Абдуллахон АҚШ Трамп даврида Ислом Республикасига нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилмаса, 2015 йилги ядровий келишувга қайтишнинг «имкони йўқ»лигини айтганди. Шунингдек, Эроннинг қуролли кучлари матбуот котиби генерал Абулфазл Шекарчи мамлакатнинг асосий мақсади Исроилни йўқ қилиш эканини маълум қилганди.