Латвияда 100 минг қоракўзан боқиладиган Бауска шаҳри яқинидаги мўйна фермасида коронавируснинг янги мутациялари аниқланди. Бу ҳақда «DELFI.lv» нашри хабар берди.

Фото: «Bloomberg»

Мамлакатнинг Биотиббиётни ўрганиш маркази мутахассиси Монта Бривибанинг маълум қилинишича, фермада топилган баъзи мутациялар ҳали олимлар томонидан ўрганилмаган. Бундан ташқари, потенциал хавфли деб ҳисобланган камида тўртта мутация қайд этилган.

«Ҳайвонлар ва одамлардан олинган вирус намуналари генетик жиҳатдан шу қадар ўхшаш бўлиб чиқдики, олимлар мўйна фермасида топилган вирус турлар орасидаги тўсиқни бир неча бор енгиб ўтган деган хулосага келди. Бу шуни англатадики, вирус одамдан қоракўзанга ва аксинча юқтирилган», дейилади хабарда.

Бривибанинг қўшимча қилишича, ҳозирги вақтда ҳайвонларни йўқ қилиш масаласи ҳал қилинмоқда.

Аввалроқ Данияда кўмилган 4 миллионга яқин қоракўзан қайта қазиб олиниб, ёқиб юборилиши маълум қилинганди. Шунингдек, Россия дунёда биринчи бўлиб ҳайвонлар учун ковид вакцинасини рўйхатдан ўтказгани ҳақида хабар берилганди.