Ўзбекистонда никоҳни бекор қилмаган ҳолда турмуш ўртоғидан алимент олиш мумкин. Бу тартиб тегишли қонунларда белгилаб қўйилган. Адвокат Абдумалик Абдуллаев бу бўйича «Bugun.uz»га батафсил маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Бир хонадонда яшаб, расмий никоҳда бўла туриб, турмуш ўртоғидан алимент талаб этилиши мумкинми? Бу қандай ҳолларда юз беради? Адвокатнинг айтишича, кўпинча фарзандлари таъминотини қасддан бажармай, даромадларини оилада тенг баҳам кўрмаётган эр ёки хотинга нисбатан алимент тўлаш талаби қўйилиши мумкин.

Амалдаги Оила кодексининг 96-моддаси 1,2-қисмларига асосан, ота-она вояга етмаган болаларига таъминот бериши шарт. Вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини хоҳишига кўра бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундириб олинади.

Агар она ёки ота шундай вазиятга дуч келса, қаерга мурожаат қилиши керак? Бундай ҳолларда аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган (иш фаолияти юзасидан бошқа жойда бўлса) жойдаги судга берилади. Бу амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 33-моддасида белгилаб қўйилган.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 34-моддаси 3-қисмига асосан алимент ундириш тўғрисидаги даъволар даъвогар томонидан ўзи яшаб турган жойдаги судга ҳам тақдим этилиши мумкин. Ундириш масаласи Оила кодексининг 5-бўлими «Оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари» бўлимида кўрсатилган.

Унга кўра, вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаган ҳолларда алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг қуйидаги шаклида ундирилади.

  • бир бола учун — тўртдан бир қисми;
  • икки бола учун — учдан бир қисми;
  • уч ва ундан ортиқ бола учун — ярми миқдорида ундирилади.

Маълумот ўрнида, бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин. Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори — 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.

2021 йил ноябрда ташкил этилган брифингда МИБ ходимлари Ўзбекистонда 3 мингдан ортиқ қарздорни қидираётгани хабар қилинган эди. Ушбу шахсларнинг 2 минг 149 нафари республика ҳудудида яшириниб юргани, 1 минг 115 нафари эса турли мақсадда чет элга чиқиб кетгани айтилганди. Қидирувдаги шахслар топилиши натижасида қарздорлардан жами 30 миллиард 700 миллион сўм, шу жумладан, 22 миллиард 800 миллион сўм алимент пули ундирилиб, вояга етмаганларнинг моддий таъминот олиши таъминланган.

Ушбу масалани қатъийлаштириш мақсадида Ўзбекистонда алиментдан қарздорларнинг машина бошқариш ҳуқуқи чекланиши мумкин. «Алимент қарздорлигини ундириш тартиби такомиллаштирилаётгани муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Унга мувофиқ, тегишли қонунларга алимент тўлови бўйича қарздорларга нисбатан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини, шунингдек, фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш ҳуқуқини вақтинча чеклашни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Эъзоза Олимова тайёрлади