Ўзбекистонда хотин-қизларга гап отганлик, уларнинг интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланиши мумкин. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, вазирлик томонидан хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммолар таҳлил қилиниб, уларнинг олдини олиш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилган.

Таъкидланишича, қонунчиликка «таъқиб этиш» (stalking) тушунчасини киритиш ҳамда таъқиб остида қолган хотин-қизларга ҳам ҳимоя ордери бериш тизимини жорий этиш керак.

Шу билан бирга, иш ёки ўқишдаги зўравонликларга чек қўйиш учун жабрланувчи ва тазйиқ ўтказган шахс ўртасидаги ҳар қандай алоқани чеклаш лозимлиги айтилган. Бунда иш берувчилар зиммасига зўравонлар ва жабрланувчининг ҳар қандай ўзаро муносабатга киришишига чеклов ўрнатиш мажбуриятини юклаш таклиф этилган.

Маълум бўлишича, аёлларнинг шахсий ҳаётига турли «тажовуз»ларнинг олдини олиш мақсадида шахсий ҳаёт дахлсизлигини тўлиқ кафолатлаган ҳолда уларнинг интим ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун алоҳида жавобгарликни белгилаш зарур.

«Аёлларга ёрдам кўрсатиш институтларини кўпайтиришга хусусий тадбиркорларни жалб қилиш керак. Бунда тадбиркорларга турли йўналишларда, масалан, ер ажратишда, давлат бино ва иншоотларидан фойдаланишда, солиқ, давлат грантлари, субсидиялар, ижтимоий буюртмаларда имтиёз бериш самара беради», — дейилади вазирлик таклифида.

Шунингдек, хотин-қизларга нафсониятга тегиши мумкин бўлган гап-сўзларни айтишни тақиқлаш ва ушбу ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарлик чорасини белгилаш ҳам улар орасидан жой олган. Қолаверса, аёлларга шикаст етказиш ҳолати учун жавобгарлик чораларини кучайтириш лозимлиги таъкидланган.

Аввалроқ Ўзбекистонда зўрликдан жабр кўрган қанча хотин-қизга ҳимоя ордери берилгани хабар қилинганди.